Америка президенти Дональд Трампнинг БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқи ўқитувчининг ёмон ўқувчиларга баҳо қўйишига ўхшаб кетди. Чехия президенти Милош Земан АҚШга сафарида унга ҳамроҳлик қилаётган журналистларга шундай фикрларини билдирди. 

Трамп Бош Ассамблея минбарида туриб, АҚШ Венесуэла ҳукумати ўз сиёсатини ўзгартирмаса, унга нисбатан навбатдаги чоралар кўришга тайёр экани ҳақида айтган эди. У, шунингдек, КХДРни "бутунлай йўқ қилиш" билан таҳдид қилди. Бундан ташқари, Америка президенти икки йил муқаддам Эрон ядро муаммосига барҳам берган Қўшма ҳаракатлар дастурини танқид қилди. 

"Мен уни тингладим ва ўз-ўзимга дедим: яхши, Шимолий Корея — энг ёмон диктатура, уни оқлай олмайман. Аммо, кейин узоққа кетди, Венесуэла, сўнгра Эрон — у билан ҳолат тушунарсиз, маълумки, санкциялар юмшатилди, Эрон билан маълум бир келишувга эришилган эди", — деган Земан. Шундан сўнг, президент чехиялик журналистларга Трамп ўз маърузасини яна қандай давом эттириши мумкинлигини тасаввур қилишга чақирди. 

"Масалан, у айтиши мумкин эди: "Ана энди, Шимолий Корея, Венесуэла ва Эрондан сўнг мен Польшани танқид қилишим керак. Чунки у мустақил адлия асосларини бузмоқда. Сўнгра танқидда янада чуқурлашиб, энди Чехия республикасини ҳам танқид қилишим керак, дейиши лозим эди. Ахир у ўз ҳудудига муҳожирларни киритмаяпти", — деган Земан ва масала Трампнинг қаерда тўхташида эканини таъкидлади. 

"Буларнинг бари менга ўқитувчининг ёмон ўқувчиларга баҳо қўйишини эслатади. Халқаро ҳамжамият эса "ўқувчи-ўқитувчи" асосида муносабат қурмаслиги керак. Ёки бизлар ҳаммамиз ўқувчилар, ёхуд барчамиз бир-биримизни ўқитадиган ўқитувчилар", — деб таъкидлаган Чехия раҳбари.