Францияда ўзининг 95 ёшига бир ой қолганда машҳур косметик компания L’Oreal асосчисининг қизи ва дунёнинг энг бадавлат аёли Лилиан Беттанкур ҳаётдан кўз юмди. Бу ҳақда РБК нашри унинг яқинларига иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

Беттанкурнинг ягона қизи Франсуаза Беттанкур Майерс оилавий бизнес яхши қўлларда қолаётганига умид билдирди.

"Биз учун бу оғир дамларда мен оиламиз номидан L’Oreal’га содиқлигимизни тасдиқламоқчиман ва компания президенти Жан-Пол Агон ва унинг жамоасига ишончимизни билдирмоқчиман", деб айтган Франсуаза Беттанкур Майерс. 

Лилианнинг ўлими ҳақидаги хабарни Агоннинг ўзи ҳам тасдиқлаган ва у компания муваффақиятига салмоқли ҳисса қўшганини ва "буюк гўзаллик хоними" бўлганини таъкидлаб ўтди.

"Биз L’Oreal, компания ва унинг ходимлари ҳақида қайғурган ва унинг муваффақияти ҳамда ривожига жуда боғланган Лилиан Беттанкур билан фахрланардик", деб айтди Агон ва ҳамкасблари уни ҳеч қачон унутмасликларини қўшимча қилган.

Бетанкур 1922 йил 21 октябрда дунёга келган. Forbes журналига кўра, Беттанкур 44,7 млрд долларлик давлат билан дунёнинг энг бой аёли ва энг бадавлат одамлар рўйхатида 13 нафар энг бой эркакдан кейин 14-ўринни эгаллаган. У 1909 йилда L’Oreal’га асос солган кимёгар Эжен Шюллернинг ягона фарзанди бўлган. Беттанкур ўзида авж олаётган ақли заифлик туфайли 2012 йилда L’Oreal директорлар кенгашидан кетган. Унинг оиласи косметик гигантнинг 33,1 фоиз акциясига эгалик қилади.