САВОЛ: Ёшим 59 да. Ҳеч қаерда ишламаганман. 7 нафар фарзандим бор. Ёшга доир қарилик пенсияси ҳақида эшитдим. Мен ҳам шу пенсиния олишим мумкинми? (Аслида, ёшлигимда 1 йил болалар боғчадасида тарбиячи бўлиб ишлаганман, лекин ҳеч қандай ҳужжатим йўқ)

Маъмура Қодирова

ЖАВОБ: Вазирлар Махкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сонли қарори билан тасдиқланган «Пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида»ги Низомга асосан етарли меҳнат стажига эга бўлмаган фуқароларга ижтимоий нафақалар тайинланади.

Мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ, ёшга доир нафақа: иш стажига эга бўлмаган; 7 йилдан кам иш стажи мавжуд бўлиб, ёшга доир пенсия тайинлаш учун етарли иш стажига эга бўлмаган шахсларга тайинланади.

Ёшга доир нафақа эса: эркакларга — 65 ёшга етганларида; аёлларга — 60 ёшга етганларида тайинланади.

Нафақа тайинлаш тўғрисидаги ариза ариза берувчининг яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармаси бўлимига берилади.

Саволларга ҳуқуқшунос Мирзоҳид Шоқаламов жавоб берди.

Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.