ФИФА президенти Жанни Инфантино трансфер бозоридаги нархларнинг кескинлик билан кўтарилиб кетишини «каламушлар пойгаси» деб атади ва бу муаммо билан биргаликда курашишга чақирди.

«Биз трансферлар муаммосини биргаликда ечишимиз керак. Агентлар ва трансфер даричалари учун маълум бир қоидаларни, таклиф этилиши мумкин бўлган максимал иш ҳақини белгилаб қўйиш лозим. Ҳавода учиб юрган, бироқ ҳеч қачон жиддий кўриб чиқилмаган кўп нарсани қилиш керак. Мен трансферлар туфайли юз берган инфляциядан ташвишдаман. Буларнинг бари менга клублар иштирокидаги каламушлар пойгасини эслатмоқда. Бундай ҳолат футболга салбий таъсир қилади.

Биз трансферлар чемпионатларнинг яхлитлигига таъсир кўрсатмаслигини кузатиб боришимиз лозим. Трансфер даричалари уларнинг бошланишига қадар ёпилиши керак», - дея Инфантинонинг сўзларини келтиради Reuters.

Ёзда жаҳон трансфер рекорди янгиланди. «ПСЖ» ҳужумчи  Неймарнинг трансфери учун «Барселона»га 222 млн. евро тўлади. Бундан аввал эса ярим ҳимоячи Поль Погбанинг «Ювентус»дан «Манчестер Юнайтед»га 105 млн. евро эвазига ўтгани энг қиммат келишув сифатида баҳоланар эди.