Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси Германиянинг Лебус шаҳри раҳбариятига ёввойи европа зубри ўлдирилгани учун айблов эълон қилмоқчи. Бу ҳақда The Independent нашри хабар бермоқда.

Нашр маълумотларига кўра, зубр Берлиндан 88 км узоқликдаги Лебус шаҳридаги Одра дарёси ёнида 13 сентябрда пайқалган. Зубр дарё бўйига Польшадаги Уйсьц-Варти миллий боғидан ўтиб қолган бўлиши мумкин. 

Маҳаллий ҳукумат зубр хавф солиши мумкин, деб ҳисоблаб, зубрни ўлдиришга қарор қилган.

"Германияда 250 йилдан бери илк марта ёввойи зубр аниқланганди ва ҳукумат ўйлаб топган иш уни отишдан бўлак нарса бўлмади", деб айтган жамғарма вакили Крис Хейнрик.

Жамғармада таъкидланишича, зубрларнинг ўзини тутиши "инсон учун хавф солмайди".

Бу зубр тури Халқаро табиатни қўриқлаш иттифоқи "Қизил рўйхати"га киритилган. У Европанинг ғарбий, марказий ва жануби-шарқий қисмларида тарқалган бўлган. Бироқ 19-аср охирига келиб зубрлар Беловежская пуша ва Кавказдагина сақланиб қолинганди. 1927 йилда ёввойи табиатда бу зубрлар қирилиб кетган деган хулосага келинган. Ҳозирда бу турдаги зубрлар 30 та давлат, жумладан Польша, Литва, Беларусь, Украина, Россия ва Словакиядаги қўриқхоналарда сақланади.