Бразилиянинг Рио-де-Жанейро штати губернатори Сержиу Кабрал 45 йил 2 ойлик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Globo телеканалининг хабар қилишича, штатнинг собиқ раҳбари коррупция, пулларни ноқонуний ўтказиш ва жиноий ташкилотда иштирок этишда айбдор деб топилган. 

Тергов томонига кўра, Кабрал йирик компанияларга штат ҳокимияти билан битимлар тузиш эвазига молиявий фойдалар кўрган. Бу шартномалар қиймати ўта юқори бўлиб қолгани туфайли минтақа зарар кўрган. “Бир неча миллион сайловчининг қўллаб-қувватлаши билан ҳокимиятни эгаллаган губернатор пул эвазига маълум бир имтиёзларни тақдим этган. У тадбиркорларга Рио-де Жанейро аҳолиси билдирган ишончни пуллаган. Шунинг учун ҳам унинг айби бошқа порахўрларнинг айбига қараганда оғирроқдир”, - дейилади судья Марселу Бретас қарорида. 

Ушбу иш бўйича яна 11 киши айбдор деб топилган ва турли муддатга озодликдан маҳрум этилган. Шу жумладан собиқ губернатор рафиқаси Адриана Анселму ҳам 18 йилга қамаладиган бўлди. 

2007-2014 йилларда штатни бошқарган собиқ мулозим ўтган йил 17 ноябрда қўлга олинган эди. Ўшанда унинг йирик давлат фондларининг маблағларини ўзлаштиргани айтилганди. Кейинчалик, унга нисбатан коррупцияга алоқадор 9 та иш қўзғатилди.