Эрон ядро келишувини тарк этиш ядро қуролини тарқатмаслик бўйича халқаро тартибга жиддий зарба бўлади ва Яқин Шарқда жиддий тартибсизликларга олиб келиши мумкин, деган Хитой ТИВ раҳбари Ван И. У Эроннинг халқаро воситачилар "олтилиги" вазирлари билан учрашувида шундай фикрларни илгари сурган. Вазирлар учрашуви БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси доирасида бўлиб ўтди.  

"Дунёда камчиликсиз келишув мавжуд эмас. Барча томон келишувнинг ижобий томонига эътибор қаратиши керак. Агар ярим йўлда тўхтаб қолинса, бу халқаро тарқатмаслик тартибига жиддий зарба бўлади.Яқин Шарқда эса йирик тартибсизликлар келиб чиқиши мумкин", — деган Ван И. Унинг сўзлари ХХР ташқи сиёсат маҳкамаси сайтида жойлаштирилган. 

Хитой вазирининг ишонч билдиришича, ҳар бир томон тўғри хулоса чиқаради ва келишувни ижро этиш учун қулай муҳит яратади. Ван Ининг қайд этишича, Хитой ушбу тарихий келишувни қўллаб-қувватлайди ҳамда уни ҳаётга татбиқ этиш бўйича ишни давом эттиради.