Латвия Сейми (парламент) бу давлат фуқаролари бўлмаган шахсларнинг 2018 йилнинг 1 июнидан сўнг туғиладиган фарзандларига фуқароликни автоматик тарзда бериш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди. Бундай ташаббус президент томонидан парламентга ўтган ҳафта берилганди. 

Ҳужжатга илова қилинган маълумотномада хабар берилишича, унинг қабул қилиниши бирдам, ягона қадриятларга асосланган Латвия жамиятини шакллантиришга ёрдам беради. 

Латвияда қарийб 2 млн. киши истиқомат қилади. 250 мингдан ортиқ шахсда бу давлат фуқаролиги йўқ, улар аксарият сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий ҳуқуқлардан фойдалана олмайди. Латвияда фуқаро бўлмаганлар оиласида ҳар йили тахминан 50-80 бола дунёга келади. Ўтган йили фуқаро бўлмаганлар мақоми 52 нафар болага берилди.