Аввалги хабарларда Вазирлар Маҳкамасининг 4 сентябрь кунги қарорига кўра, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ўрнида «замонавий ҳамда юқори технологияли маданият ва истироҳат боғи» қурилишини маълум қилган эдик. 

Янги қурилажак боғ биринчи навбатда, ёшларнинг «юқори сифатли, жаҳон стандартлари даражасидаги маданий-маърифий хизматларга» бўлган эҳтиёжини қондириши лозим, дея таъкидланади қарорда. 

Боғнинг 20,79 гектар қисмини инвесторига айланган Stargate Systems МЧЖ мазкур лойиҳага 60 млн. доллар ажратган. Компания KUN.UZ нашрига боғнинг янги дизайни тасвирланган фотосуратларни тақдим этди. 

Лойиҳа концепциясига кўра, реконструкция қилинган ва замонавийлаштирилган янги боғ ҳар куни 10 минг нафар ташриф буюрувчига хизмат кўрсата олади.

Янги боғда амфитеатр, картографик фаввора, аттракционлар ва ҳордиқ чиқариш учун бошқа кўнгилочар объектлар қурилади. Шунингдек, иккита «Америка тепаликлари» аттракциони, иккита болалар автодроми, интерактив поезд, лабиринт, сёрфинг билан шуғулланиш учун сунъий тўлқинли сув иншооти, тўртта қўлга ўргатилган дельфин иштирокидаги шоу-дастур учун дельфинарий очилиши кутилмоқда. 

Қурилиш ишлари 2017-2020 йилларга мўлжалланган бўлиб, янги боғ 2021 йилнинг 1 январь кунигача фойдаланишга топширилади.

Фото: Stargate Systems