Пентагон Афғонистонга маҳаллий ҲҲК учун иккита UH-60 Black Hawk вертолётини етказиб берди. Бу ҳақда Military Times газетаси АҚШнинг Афғонистондаги контингенти расмий вакили капитан Уильям Сэлвинга асосан хабар қилган.

Сэлвиннинг сўзларига кўра, вертолётлар Қандаҳорга С-17 ҳарбий-транспорт самолёти бортида жўнатилган. Яна иккита Black Hawk шундай йўл билан “кейинги ҳафтада” юборилади, деди Сэлвин.

Унинг аниқлик киритишича, "бу тўртта вертолёт афғон учувчиларини қайта тайёрлашга мўлжалланган", улар ҳозирда Россиянинг Ми-17’сида учишмоқда. Биринчи икки гуруҳ октябрь-ноябрь ойларида машғулот олиб боради. Улардан бири (ўз ичига 36 учувчини олгани) – Қандаҳордаги авиабазада, иккинчиси – 25 учувчи – Форт Ракердаги (Алабама штати) авиабазада.

Пентагон Афғонистон ҲҲКни анча кучайтириб, бу давлатда 16 йилдан бери давом этаётган урушда туб бурилиш ясаш ниятида. АҚШ Мудофаа вазирлиги подполковниги Майкл Эндрюнинг хабар беришича, тўрт йиллик режага асосан афғонларга 159 та UH-60 ва 150 та кўп нишонли MD-530 Cayuse Warrior вертолётларини топшириш мўлжалланган. Бундан ташқари, қўшимча олтита турбовинтли A-29 Super Tucano ҳужумчи самолёти, шунингдек, бешта бир моторли турбовинтли С-208 Combat Caravan самолётлари ҳам берилади.

АҚШ Конгресси жорий йил бошида Афғонистон ҲҲКни кучайтириш учун 814 млн доллар ажратди. Пентагон бу маблағларга 53 та UH-60, 30 та MD-530F, қўшимча A-29 ва С-208’ларга буюртма берди.

Black Hawk’лар эса аввал ишлатилган бўлиб, мудофаа вазирлиги вакиллари улар жиддий равишда модернизация қилинишини маълум қилган. Хусусан, уларга янги двигателлар ва ракета қурилмалари ўрнатилади. Шунинг учун UH-60’нинг биринчи партияси фақатгина 21 ойдан сўнг юборилади. Пентагон ҳар йили Конгрессдан қолган 106 та Black Hawk модернизацияси учун маблағ сўраши керак. 

Пентагон Афғонистондан русларнинг Ми-17 вертолётларини “сиқиб чиқармоқчи” эканини яшираётгани йўқ. Мудофаа вазирлигининг июнь ойида эълон қилинган ҳисоботида кўрсатилишича, “афғон ҲҲКнинг русларнинг Ми-17’сидан UH-60’га ўтиши келаётган бир неча йил давомида амалга ошади". Бундай қарорга "Ми-17’га хизмат кўрсатишнинг мураккаблиги ва бунга харажатлар кўпайиб кетаётгани" билан изоҳ берилган.

Military Times маълумотларига кўра, Афғонистон ҲҲКда айни дамда 78 та Ми-17 бор, улардан 18 таси умуман фойдаланилмайди.

Пентагоннинг ишонтиришича, афғон учувчиларини қайта тайёрлаш учун атиги 12 ҳафта кетади. Янги учувчилар эса 9-13 ой ичида тайёрланади. Пентагон яқин икки йил ичида камида 100 нафар афғонистонликни UH-60 ва MD-530’да учишга ўргатиши лозим.