Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати Жиззахда рўй берган фожиали хабар юзасидан раддия берди.

Куни кеча ижтимоий тармоқлар ва бир қатор сайтларда Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманида содир бўлган бахтсиз ҳодиса Ёшлар иттифоқи билан боғлаб ахборот тарқатилган.

Жумладан, мазкур тумандаги 32-мактабда фаолият олиб борган 39 ёшли Г.Тожибоева йўл-транспорт ҳодисаси туфайли бевақт вафот этгани, у шу кунга қадар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкилотчиси бўлиб ишлагани ва пахта йиғим-терими мавсумига Ёшлар иттифоқидан жалб этилгани ҳақида маълум қилинган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи мазкур маълумотга ўзининг кескин эътирозини билдиради ва қуйидагиларни маълум қилади:
1) Бугунги кунда Жиззах вилояти Ш.Рашидов туманидаги 32-мактабнинг Ёшлар иттифоқи етакчиси сифатида Эгамбердиев Орзиқул Рустам ўғли фаолият олиб бормоқда;
2) Аслида манбада келтирилгани каби 39 ёш эмас, балки 46 ёшда бўлган марҳум Г.Тожибоева уюшмаган ёшларнинг «Фидоий ёшлар отрядлари» лойиҳаси орқали пахта йиғим-теримида иштирок этмаган. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, бу каби ахборотларни тарқатишдан олдин Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан боғланиб, маълумотни аниқлаштириш ҳамда кенг жамоатчиликка тўғри ва объектив ахборот етказиш принципига доимо риоя қилиш керак деб ҳисоблаймиз.

Таъкидлаш лозимки, бир гуруҳ вақтинча ишсиз ёшларнинг Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолларига қилган мурожаати асосида ҳар бир туман-шаҳар кесимида вақтинча ишсиз ёшларни мавсумий иш билан таъминлашга қаратилган «Фидоий ёшлар отрядлари» лойиҳаси амалга оширилмоқда. Жумладан «Фидоий ёшлар отрядлари» пахта йиғим теримида ҳам фаол иштирок этмоқда. 

«Фидоий ёшлар отрядлари» – ишсиз ёшларни вақтинчалик фойдали меҳнат билан банд қилиш ва уларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган ихтиёрийлик асосида тузилган кўнгилли ёшлар тузилмаси ҳисобланади.

Ўз навбатида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марҳуманинг яқинларига ўз ҳамдардлигини билдиради.