Хориждаги Ўзбекистон фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида МДҲ давлатларида консулликлар фаолиятини кенгайтириш режалаштирилмоқда.

Жумладан, Россиянинг Екатеринбург, Владивосток, Қозон шаҳарларида Ўзбекистон консуллигини очиш учун расмий розилик олинди. Бу ҳақида KUN.UZ мухбири ТИВ раҳбарининг ўринбосари А.Ходжаевнинг 21 сентябрь куни бўлиб ўтган брифингда берган маълумотларига асосланиб, хабар берди. 

Шунингдек тадбирда маълум қилинишича, бугунги кунда фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтиш жараёнларини соддалаштириш, қоғозбозлик, коррупцияга чек қўйиш, ягона дарча тизимини йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш стикери бекор қилинади, унинг ўрнига хорижга чиқишга мўлжалланган биометрик паспорт муомалага киритилади. Мазкур паспортнинг амал қилиш муддати - 2 йилдан 10 йилгача. 

Тадбирда таъкидланишича, айни кунларда янги паспорт тизимини йўлга қўйиш бўйича янги таҳрирдаги Низом ишлаб чиқилмоқда, бунинг учун эса бироз муддат талаб қилинади. 
 
Бундан ташқари, тадбирда бугунги кунда интерактив хизматлар, электрон ҳужжатлаштириш тизимини яратиш бўйича муайян ишлар олиб борилаётгани, келгусида электрон навбатлар жорий қилиниши ва шу тариқа фуқароларга қулайлик яратилиши таъкидланди.