11 сентябрь куни Шанхай халқаро тадқиқотлар университети сайтида "Ўзбекистон минтақавий сиёсатидаги янги динамика - Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиёт омили" номли мақола тақдим этилди. Қуйида унинг мазмуни ҳавола этилади:

"2017 йилнинг 5-6 сентябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Қирғизистонда бўлди. 

9 сентябрда Ш.М.Мирзиёев Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси сиёсий-ҳуқуқий комиссияси котиби, Ўзбекистон-Хитой ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитаси ҳамраиси Мэн Цзяньчжуни қабул қилди ва уни  ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун "Дўстлик" ордени билан мукофотлади". 

9-10 сентябрда Ўзбекистон давлат раҳбари бошқа қўшни мамлакат - Қозоғистонда бўлди, у ерда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг илм-фан ва технологияларга доир биринчи саммити доирасида Афғонистон, Эрон ва Туркия етакчилари билан учрашди. 

Ўзбекистон Президенти ташқи сиёсий фаолиятининг бундай зич графиги Марказий Осиёдаги минтақавий жараёнларга сифат жиҳатидан янги куч беради. Сўзсиз, бу қатор сабабларга кўра, бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишида катта роль ўйнайди. 

Биринчидан, Ўзбекистон - Марказий Осиёдаги энг йирик давлат. Унинг аҳолиси 90-йиллар бошидан буён 20 миллион нафардан 32,5 миллион кишигача ошди, бугун у бутун минтақа аҳолисининг деярли ярмини ташкил қилади. Ўзбекистон 11 йилдан ортиқ вақт давомида иқтисодий ривожланишнинг жадал суръатларини намойиш қилмоқда. 2017-2018 йилларда халқаро молиявий ташкилотлар мамлакат ЯИМнинг 7,4 фоиздан кам бўлмаган даражада ўсишини кутишмоқда. Бошқача айтганда, Марказий Осиё аҳолисининг ярми шундай тезкор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатлари билан "таъминланган".

Бундан ташқари, ўзбеклар етакчиси, халқаро муҳокамага қўйиш йўли орқали 2017-2021 йиллар учун Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг барча соҳаларини модернизациялаш, валюта-молиявий, инвестицион ва савдо-иқтисодий жабҳаларда мисли кўрилмаган ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Иккинчидан, Ўзбекистон - минтақадаги барча қўшни мамлакатлар, шу жумладан Афғонистон билан ҳам чегарадош Марказий Осиёдаги ягона давлат. Шунинг учун ҳам, халқаро доираларда тан олинишича, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги асосий давлат ҳисобланади, зеро бутун минтақа барқарорлиги ва хавфсизлиги унинг ички ва ташқи сиёсатига боғлиқ бўлади. 

Шавкат Мирзиёев ўтган йилги сайлов олди нутқларидаёқ Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида Марказий Осиё устувор аҳамиятга эга бўлишини таъкидлаганди. 

Тез орада Ш.М.Мирзиёев халқ томонидан сайланган президент сифатидаги илк ташрифларни айнан Марказий Осиёдаги қўшни мамлакатлар - Туркманистон ва Қозоғистондан бошлади. Қирғизистон - Ўзбекистон Президенти йил бошидан буён ташриф буюрган учинчи қўшни мамлакат бўлди. 

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Республикасига ташрифи давомида Алмазбек Атамбаев билан икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги алоқаларни кенгайтириш ва келгусидаги ҳамкорлик истиқболлари масалаларини муҳокама қилди. Олий даражали музокаралар якуни бугунги кунда ўзбек-қирғиз муносабатларининг янги босқичга кўтарилганини намойиш қилди. 

Ташриф якунлари сўнгги йигирма йилдан кўпроқ вақт давомида икки томон учун ҳам тарихий аҳамият касб этди. Президентлар музокаралари натижасида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида Қўшма декаларация ва Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасига доир битим имзоланди. Шунингдек икки давлат раҳбарлари яқин йилларда икки томонлама савдо алоқалари ҳажмини 500 миллион долларга кўтаришга келишиб олишди. 2017 йил бошидан бери икки томонлама савдо айланмаси 60 фоизга ўсди ва 150 миллион долларни ташкил қилди.

Ш.Мирзиёев ва А.Атамбоев "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" темир йўл магистрали лойиҳасини қисқа фурсатларда амалга оширишдан ўзаро манфаатдор эканликларини таъкидлашди. Томонлар мазкур лойиҳанинг амалга ошиши ички товар айланмасининг ўсишига ва Марказий Осиёнинг "Шарқ-Ғарб" йўналиши бўйича фойдали транзит звеноси сифатидаги жозибадорлигининг ошишига хизмат қилишини қайд этишди. 

Шу билан бирга, Тошкент ва Бишкек янги "Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой" автомобиль коридорининг яратилиши учун бор кучларини ишга солишга ишонтиришди. Бу лойиҳанинг амалга ошиши минтақадаги давлатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларнинг сезиларли даражада кенгайишига, шунингдек уларнинг биргаликдаги иқтисодий ривожланишига қўшимча куч бўлиб хизмат қилади. 

Бундан ташқари, юқоридаги лойиҳаларнинг амалга ошиши бутун Марказий Осиёнинг Шарқ ва Ғарб ўртасидаги муҳим транзит-коммуникацион алоқаларни боғловчи звено сифатидаги геоиқтисодий жозибадорлигини оширади. Осиё-Тинч океани мамлакатлари, энг аввало, Хитойни, бошқа томондан Европа ва Яқин Шарқ мамлакатларини қисқа йўл билан боғлашга доир янги стратегик имкониятлар очилади.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ва Хитойнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида 2016 йилда Қамчиқ довонида қисқа муддатларда темир йўл туннели эксплуатацияга топширилди. 

Шубҳасиз, буларнинг бари Марказий Осиё мамлакатларининг ривожланишига янгича куч беради. Марказий Осиё давлатларининг бошқа ҳамкорлари, жумладан, Марказий Осиёни Хитой ва Осиё-тинч океани минтақасининг шиддат билан ривожланиб бораётган бозорларига энг қисқа йўл билан олиб чиқувчи табиий кўприк сифатида кўрувчи Туркия ва Эрон ҳам бундан манфаатдордир.