Жорий йилнинг 18-20 сентябрь кунлари расмий сафар билан АҚШда бўлган Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳридаги БМТ бош қароргоҳида нутқ сўзлаб, бир неча долзарб масалалар ва уларнинг ечимини дунё ҳамжамиятига етказди. Ушбу расмий ташриф, сўнгги 7 ой давомида Ўзбекистон раҳбарининг хорижий сафарлари ҳисобида ўн иккинчиси саналади. Kun.uz​ мухбири қуйида ана шу барча сафарларнинг қисқача сарҳисобини ҳавола этади.

6-7 март кунлари Туркманистон, Ашхобод

Фото: ЎзА

Ўзбекистон Республикаси президентининг фаолияти давомидаги илк расмий ташрифи Туркманистон Республикасидан бошланди. Унда Шавкат Мирзиёев Туркманобод вилоятида қад ростлаган марҳум президент, давлат арбоби Ислом Каримовнинг бюстининг очилиш маросимида иштирок этди.

22-23 март кунлари Қозоғистон, Остона

Фото: Today.kz

Яхши қўшничилик алоқаларини ривожлантириш мақсадида иккинчи ташриф ҳам Марказий Осиё давлатларидан бири Қозоғистонга бўлди.

4-5 апрель кунлари Россия, Москва

Фото: Kremlin.ru

Расмий ташриф билан Россияга жўнаб кетган Шавкат Мирзиёев Москва шаҳрида президент Владимир Путин билан учрашди.

29 апрель куни Қозоғистон, Жанубий Қозоғистон вилояти

Фото: bnews.kz

Ўзбекистон раҳбари ишчи ташриф билан Жанубий Қозоғистон вилоятида президент Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

10-14 май кунлари Хитой, Пекин

Фото: Ria.ru

Расмий ташриф билан Хитойда бўлган Шавкат Мирзиёев "Бир йўл, бир макон” халқаро форумида ҳам иштирок этди. Шунингдек, у Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашган.

19-20 май кунлари Туркманистон, Ашхобод

Фото: ЎзА

Ишчи ташриф билан Шавкат Мирзиёев шу кунлари Ашхобод шаҳрида бўлди.

20-21 май кунлари Саудия Арабистони, Ар-Риёд

Ислом-АҚШ саммитида иштирок этиш учун жўнаб кетган Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрида Озарбойжон, Тожикистон, Қозоғистон, АҚШ, Афғонистон президентлари ҳамда Қирғизистон Бош вазири, Туркия Ташқи ишлар вазири ва Саудия Арабистони Қироли билан ҳам учрашди.

8-9 июнь кунлари Қозоғистон, Остона

Фото: bnews.kz

Шу кунлари ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиш учун Остонага жўнаб кетган Шавкат Мирзиёев Остона-EXPO​ кўргазмасининг очилиш маросимида ҳам иштирок этди. Шунингдек, давлат раҳбари Испания қироли, Қирғизистон, Афғонистон президенти ҳамда Ҳиндистон ва Покистон Бош вазирлари билан учрашган.

5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон, Бишкек

Тарихий аҳамиятга эга расмий ташриф сўнгги ўн етти йил ичида илк маротаба амалга оширилди. Унда бир нечта ҳужжатлар, жумладан икки давлат чегара масалаларига оид ҳужжатлар имзоланди.

9-10 сентябрь кунлари Қозоғистон, Остона

Фото: bnews.kz

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар саммитида иштирок этиш учун жўнаб кетган Ўзбекистон президенти Остона-EXPO​ кўргазмасининг ёпилиш маросимда ҳам иштирок этди. Шунингдек, Туркия, Эрон ва Афғонистон президентлари учрашди.

17 сентябрь куни Туркманистон, Ашхобод

Фото: ЎзА

Мамлакат раҳбари бешинчи марта ташкил этилган Ёпиқ иншоотларда ўтказилган Осиё ва яккакураш санъати ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этди. Унда Тожикистон ва Туркманистон президентлари билан учрашди. 

18-20 сентябрь кунлари АҚШ, Нью-Йорк

Фото: ЎзА

БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлаган президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳрида кейинроқ БМТ Бош котиби, Болгария президенти, Грузия Бош вазири, Жаҳон Банки президенти, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари, Халқаро Валюта фонди бошқарувчи директори билан суҳбатлашиб, Ўзбек-АҚШ бизнес форумида иштирок этди. Шунингдек, президент Нью-Йоркда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди.


Ўзбекистон Республикаси президенти келгусида Туркияга расмий сафар билан ташриф буюриши эълон қилинган бўлиб, тез орада ушбу хорижий сафар амалга оширилиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 11 октябрь куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги МДҲ аъзо давлат раҳбарларининг йиғилишида иштирок этиши режалаштирилган. Ҳозирча бу маълумотни Ўзбекистон президенти матбуот хизмати тасдиқламади.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, давлат раҳбари йил давомида Жанубий Кореяга ҳам боради.