Бугун, 21 сентябрь куни эрта тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон хабар берди.

“Бугун тонгда таниқли шоир ва таржимон Усмон Қўчқор вафот этди. Инна лиллаҳи ва илаҳи рожиун. Оллоҳ раҳматига олсин! Усмон Қўчқор яхши инсон, истеъдодли шоир, маҳоратли таржимон эди. Ҳеч нима даъво қилмасдан, индамасдан ижод қилди. Гарчи юрагида дарди кўп бўлса-да, уни ҳаммага очавермади, фақат ва фақат шеърига ишонди. Инна лиллаҳи ва илаҳи рожиун. Оллоҳ раҳматига олсин! Дўстимизнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз”, - дея хабар берган Хуршид Даврон. 

Усмон Қўчқор 1953 йил 15 июлида Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган. «Ҳаяжонга кўмилган дунё», «Акссиз садолар», «Уйқудаги минора», «Оғир карвон», «Чамангул», «Ширқ» каби шеърий китоблари нашр этилган. «Қувғун» достони ва «Имом Бухорий» шеърий драмасининг муаллифи. Ҳусайн Жовиднинг «Амир Темур» ва «Шайх Санъон» драмаларини, Юсуф Самадўғлининг «Қатл куни», Анорнинг «Беш қаватли уйнинг олтинчи қавати» романларини ўзбек тилига таржима қилган.

KUN.UZ таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этади.