АҚШ президенти Дональд Трамп Эрон билан ядровий дастур бўйича келишувдан чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида бир қарорга келиб бўлган, бироқ ҳозирча буни сир сақламоқда. Бу ҳақда Қўшма Штатлар давлат котиби Рекс Тиллерсон чоршанба куни кечқурун Нью-Йоркдаги HiIlton Midtown меҳмонхонасида журналистларга маълум қилди. 

"У [Трамп] ҳеч кимга бу ҳақда айтмади", - деди Тиллерсон. Шу билан бирга, унинг аниқлик киритишича, Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй Трампдан қабул қилинган қарор ҳақида хабар беришни сўраган. "Бироқ у рад жавобини берди", - дея таъкидлаб ўтди Тиллерсон.

Давлат котибининг хабар беришича, чоршанба куни БМТ бош қароргоҳида “олтилик” (Россия, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Франция ва Германия) ҳамда Эрон вакиллари учрашувида Теҳрон томонидан Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режасининг бажарилишига алоқадор бўлган масалалар "очиқ-ойдин" муҳокама қилинган.

Унинг таъкидлашича, Эрон ўз ядро дастурини чеклаш тўғрисидаги келишув бандларига "техник жиҳатдан риоя қилмоқда", бироқ “олтилик” давлатлари, Тиллерсоннинг сўзларига кўра, "келишув имзоланганидан сўнг минтақада кескинлик камайишини кутишганди".

"Шундай тахминлар бор эди, - дея давом этган у. – Афсуски, келишув имзоланганидан сўнг, биз барчасини кўрдик, бироқ тинч ва барқарор минтақага гувоҳ бўлмадик". У Теҳронни Сурия президенти Башар Асадни ҳарбий йўл билан қўллаб-қувватлашда, Яман ҳамда Ироқдаги вазиятга таъсир кўрсатишда, шунингдек, Форс кўрфазида АҚШ ҲДК кемаларига қарши тажовузкор ҳаракатларда айблади. "Бу келишув унинг иштирокчилари кутган нарсага мос келаётгани йўқ", - дея қўшимча қилди давлат котиби.

"АҚШ сўнгги вақтларда Эроннинг ҳаракатларига жавоб сифатида чоралар қабул қилди: яхши биласизки, яқинда қўшимча санкциялар баллистик ракеталарнинг учирилиши, кибермакондаги ҳаракатлар ва бошқа беқарорлаштирувчи фаолиятга жавобан киритилди", - деди у.

Тиллерсоннинг сўзларига кўра, АҚШ "Эрон ҳаракатларини кузатиб боришда давом этади ва Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режаси доирасидаги мажбуриятларга зид келмайдиган қўшимча қадамлар қўяди". "Биз Қўшма кенг кўламли ҳаракатлар режасини тўла ҳажмда бажармоқдамиз", - деди у.

NBC телекомпаниясининг давлат раҳбари маъмуриятидаги манбаларга асосан хабар беришича, Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиқишга яқин турибди. Бу 15 октябрга қадар рўй беради. 

Телекомпания маълумотига кўра, Қўшма Штатлар президенти ўзининг сўнгги баёнотига қарамай, ядро келишуви бўйича якуний қарорни қабул қилмаган. Манбалар фикрича, Трамп 15 октябрга қадар исталган қарорга келиши мумкин. Шу куни Вашингтоннинг келишувга риоя қилиш бўйича навбатдаги кузатуви натижаларини эълон қилишнинг сўнгги муддати тугайди.