GE Aviation ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК 2017 йил 20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган АҚШ-Ўзбекистон йиллик бизнес-форуми доирасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича меморандум имзолади.

Ҳужжат доирасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» тўртта янги Boeing 787 Dreamliner самолётини жиҳозлаш учун GEnx-1B двигателлари ва битта GEnx-1B захира двигателини сотиб олади. Улар 2018 йилда етказиб берилиши режалаштирилмоқда. Двигателларнинг қиймати 230 млн. долларга баҳоланмоқда, дея хабар беради GE Aviation.

GE Aviation’нинг савдо бўйича вице-президенти Шекер Шаҳрур компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан стратегик ҳамкорликни кенгайтиришдан мамнунлигини таъкидлади. Компания «Ўзбекистон ҳаво йўллари» самолёт паркини илғор GE технологиялари билан таъмилашни ҳам режалаштирмоқда. 

«Янги Boeing-787 самолётларини жиҳозлаш учун GEnx-1B двигателларини танлаш уларнинг юқори ишончлилиги ва самарадорлигини исботлайди», - дейди у.

Бундан ташқари, меморандум доирасида GE Aviation «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг Genx двигателлари билан жиҳозланган Boeing 787 Dreamliner самолёт паркига TRUEnginega унвонини берди.

Шунингдек, томонлар «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАКнинг Boeing 787 Dreamliner самолётларига ўрнатилган GEnx-1B двигателларини таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича музокараларни бошлашга келишиб олди.