Бугунги кунда ёшлар орасида “бир ойда икки баравар даромад кўриладиган”, “20 кунда 300% даромад берувчи” ёхуд “бир кунда 150% даромад”ни ваъда қилувчи турли ҲАЙП-лойиҳалар урф бўлдики, натижада кимлардир яхши даромад олган бўлса, кимлардир барча тикилган маблағларидан айрилди.

Хўш, бу ҲАЙП-лойиҳалар нима ўзи ва улар қандай юзага келади? Ушбу мақолада биз жамиятимиз ҳаётига кириб келаётган янгиликлардан бири билан яқиндан таништириб ўтишга ҳаракат қиламиз.

Ҳайп (инглизча HYIP - High Yield Investment Program) – бу фирибгарлик лойиҳаси бўлиб, унда Понци схемасига ўхшаш усулда инвесторларга ўта юқори даромадни ваъда қилувчи ҳамда фақатгина янги жалб қилинган иштирокчилар ҳисобидан эски омонатчиларга пул беришни йўлга қўйган инвестицион қаллоблик шаклидир. Бошқа сўзлар билан айтганда ҳайплар – молиявий пирамидаларнинг янгича кўринишларидан бири ҳисобланади. Уларда ҳам худди молиявий пирамидалардаги сингари кўплаб янги иштирокчиларни жалб қилиш ҳисобига эски иштирокчиларга қўшимча маблағлар ажратилиши белгиланади. Бунда худди тармоқ маркетингидаги сингари мавжуд иштирокчиларга ваъда қилинган даромаддан ташқари фаоллик кўрсатган ҳолда янги иштирокчиларни жалб қилганлик учун кўп поғонали тизимда (рефераллар) даромад тўлаш тизими амал қилади.

Масалан, агар тизимда биринчи поғона киритадиган маблағдан 5%, иккинчи поғонадан 3% ва учинчи поғонадан 2% даромад берилиши назарда тутиладиган бўлса, у ҳолда юқори поғонада турган инсон ҳар бир ўзидан қуйида турган жалб қилган иштирокчилардан мос равишда қўшимча даромад олади. Дейлик, Аҳмад биринчи поғонада турибди ва ушбу лойиҳага Эшматни таклиф қилди ва Эшмат 100 000 сўм маблағ киритди. Ушбу 100 минг сўмдан 5% (5 минг сўм) Аҳмадга қўшимча даромад сифатида берилади. Энди ўз навбатида Эшмат лойиҳага Тошматни таклиф қилди ҳамда Тошмат 200 000 сўм пул киритди. У ҳолда Эшматга 5% (10 000 сўм) ва Аҳмадга 3% (6 000 сўм) бонус сифатида берилади. Худди шу сингари қуйига қараб давом этаверади ва пирамиданинг юқорисида турган Аҳмад ҳар бир ўзининг жамоасидаги иштирокчилар томонидан жалб қилинадиган янги иштирокчилар киритадиган маблағлар ҳисобидан бонус олиб тураверади.

Ҳайп-лойиҳалар инвесторларни жуда юқори даромадларни қисқа муддатларда тўлаб бериш имкониятини бериши билан ўзига тез жалб қилади. Ушбу тўлаб бериладиган юқори даромадларнинг манбалари сифатида эса улар турли афсоналарни ўйлаб топишади.

Ҳайп афсонаси – бу лойиҳа эгаларининг нима билан шуғулланиши тарихи ва инвесторлар маблағларини қаерга сарфланиши ҳақидаги чўпчакдир. Кўплаб янги иштирокчилар ушбу афсонага чин дилдан ишонишади ва ҳаттоки реал ишлашларини исботламоқчи бўлишади ҳамда тўловлар ҳар доим узлуксиз тўланишини кутишади, тез кунларда бойиб кетишни орзу қилишади. Афсонанинг нақадар ишончли ёритилиши лойиҳа эгаларига энг яхши хўрак вазифасини бажаради, унда иштирокчилар ўз маблағларини қайта тикишлари ва кўплаб дўстларини жалб қилишлари ва энг ачинарлиси лойиҳа ёпилганда умид узмасдан қайтишига ишонишларига сабаб бўлади.

Қандай турдаги ҳайп афсоналари машҳур? Ҳайп афсоналаридан энг кўп ишлатиладиганлари орасида спорт турларига пул тикиш афсонаси кўп қўлланилади. Унда лойиҳа муаллифлари гўёки доимо спортга қилинадиган гаровларда ғолиб чиққанликларини исботловчи турли скриншот расмларини (ясалган ёки кўчирилган) жойлашлари ҳамда шу орқали ваъда қилинган маблағларни тўлаб беришлари айтилади. Бироқ барчага маълумки, спорт ўйинларига пул тикиш натижасида доимий равишда фойдага чиқиш имконияти иложсиз саналади. Шундай афсоналардан яна бири бу валюта ва фонд бозорларидаги савдолардан фойда олиш ҳисобланади. Шу қаторда яна микрокредитлаш, туристик йўналишларда ижара хизмати ва бугунги кунда оммалашган криптовалюталарга маблағ киритиш сингари афсоналар орқали ҳайп-лойиҳалар ўзларига кўплаб мижозларни жалб қилишади.

Ҳайп-лойиҳа афсонаси тўлақонли ишончли бўлиши учун яна қуйидаги қўшимча элементлар киритилади:

Ҳужжатлар. Асосан оффшор ҳудудлардан сотиб олинган лицензиялар ва сертификатлар. Баъзи ҳолларда оддий фотошопда тайёрланган бўлиши ҳам мумкин, шунинг учун барча кўрсатилган ҳужжатларни махсус сайтлар орқали текшириб кўриш лозим. Масалан, агар ташкилот Буюк Британияда рўйхатдан ўтган бўлса, уни қуйидаги сайтдан текшириш мумкин.

Телефонлар. Кўп ҳолларда турли стационар телефон рақамлари кўрсатилган бўлади. Бироқ ушбу телефонларга боғланмоқчи бўлсангиз тармоқ доимо банд қилинган бўлади.

Офислар. Асосан офислар билан энг йирик ташкилотларгина мақтана олиши мумкин. Чунки расмий офиси бўлган ташкилотлар эндиликда нафақат интернет тармоғида, балки ҳаётда ҳам хизмат кўрсатишни бошлайди.

Ҳисоботлар. Тўлаб берилган мажбуриятлар ва амалга оширилган ишларнинг доимий равишда кўрсатилиб бориши мижозларни янада қизиқишари ортишига сабаб бўлади.

Тақдимотлар. Агар лойиҳа ташкилотчилари томонидан расман интернетда эмас реал ҳаётда тақдимотлар ўтказилса, бу ишонч даражаси ортишига сабаб бўлади.

Веб-сайтлар. Айрим телеграм-ҳайпларнинг ҳаттоки веб-сайти ҳам мавжуд эмас. Улар телеграм-ботлар орқали ёки бошқа платформаларда ишлайди. Бу жуда ишончсиз ҳайп-лойиҳа саналади. Веб-сайтига эга ва унинг рўйхатдан ўтиб иш бошлаётган даврига кўпроқ вақт бўлган лойиҳалар озгина бўлса ҳам ишончлироқ саналади.

Ҳисобни тўлдириш ва ҳисобдан чиқариш. Асосан ҳайп-лойиҳалар кўп ҳолларда криптовалюталар (биткоин, эфир ва б.), электрон ҳамёнлар (Advcash, Payeer, Perfect Money, Qiwi, Yandex.money) ва жуда кам ҳолларда Visa/Mastercard халқаро пластик карталари орқали тўловларни қабул қилади ва фоиз тўловларини амалга оширади. Айниқса, ҳайпдаги ҳисобингиздан маблағни чиқармоқчи бўлганингизда кўпроқ криптовалюталар ва айнан Advcash, Payeer, Perfect Money сингари тўлов платформаларидан фойдаланишади. Чунки юқоридаги электрон ҳамёнларнинг ўзлари айнан шундай сирли ёки ноқонуний лойиҳалар билан ишлаш бўйича оммалашган ҳисобланади.

Ҳайп-лойиҳалар ташкил қилинаётганидаёқ қанчадир муддат ва миқдордаги фойдани мўлжал қилган ҳолда ташкил қилинади ҳамда шу фойдага эришилгач, фаолиятни тўхтатади. Ўз фаолиятини тўхтатган ва мижозларга ортиқ мажбуриятларини бажармай қолган ҳайп-лойиҳаларга нисбатан СКАМ (инглизча scam – фирибгарлик) ибораси ишлатилади.

Ҳар қандай ҳайп-лойиҳа ўзининг яшаш даврига қараб қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ҳайпларга бўлинади.

  • Қисқа муддатли ҳайплар (кунига 3 фоиздан 50 фоизгача ваъда қилинади) бир кундан - бир неча кунгача яшаши мумкин.
  • Ўрта муддатли ҳайплар (кунига 1 фоиздан 10 фоизгача ваъда қилинади) эса одатда бир ойдан бир неча ойгача яшаши мумкин.
  • Узоқ муддатли ҳайплар (кунига 0.1 фоиздан 3 фоизгача ваъда қилинади) кўп ҳолларда 6 ойдан бир неча йилгача яшаши кузатилади.

Ҳар қандай ҳайп қанча муддат яшашини олдиндан айтиш жуда мушкул ҳисобланади. Шунинг учун ҳам уларга тикиладиган маблағларнинг даромад билан қайтиш эҳтимоли жуда паст ҳисобланади. Ҳайп ташкил қилинган кунданоқ инвестиция киритиладиган ҳолларда фойдага чиқиш эҳтимоли юқорироқ. Бироқ шу ҳолда ҳам лойиҳанинг яшаш даври ва мажбуриятларини нақадар бажара олишини сиз билмайсиз. Бир сўз билан айтганда, ушбу ҳайпларга тикилган маблағлар кечилган маблағлар бўлиши керак, акс ҳолда барча маблағлардан айрилганда жуда оғир ҳолатларга тушиш ҳеч гап эмас.

Дунёда кунига минглаб ҳайплар очилади ва ёпилади. Бугунги кунда кўплаб ҳайп-лойиҳалар мамлакатимиз ёшлари орасида ҳам кенг тарқалмоқда. Бунинг энг асосий сабабларидан бири эндиликда кўплаб ҳайплар интернет сайтлардан ташқари телеграм мессенжерлари орқали фаолиятни йўлга қўйганликларида бўлди.

Мисол тариқасида Trinity3.me, Wales Global, Goldstar сингари телеграм ҳайп-лойиҳаларининг кенг тарқалганини алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу лойиҳаларда кунлик камида 3-5 фоиз даромад тўлаб борилиши назарда тутилгани ва энг кам қўйилиши мумкин бўлган маблағ 10 доллар қилиб белгилангани барчани бирдай ўзига тортди.

 

Фоизини ҳар кундагисини кунда олаётган дўстларини кўрган бошқа хоҳловчилар зудлик билан ушбу лойиҳага пул киритишни бошлашди. Ҳаттоки айрим ҳудудларда шу лойиҳанинг вакил консультацион марказлари ҳам иш бошлаган эди. Бироқ, лойиҳаларнинг яшаш даври кўпга чўзилмади. Натижада, Ўзбекистонда минглаб одамлар ушбу лойиҳаларга тиккан пулларини фойдасини олиб улгурмасдан зарар кўришди. Энг ачинарлиси, айрим инсонлар 10 минг АҚШ долларидан тортиб 100 минг АҚШ долларигача бўлган маблағларни тўлиқ қайтариб олиб улгурмасдан ютқазган ҳолатлар ҳам мавжуд.

Бунда Trinity3.me лойиҳаси 4 ойдан сал ортиқроқ вақт ишлаб турган бўлса, қолган иккита лойиҳа ҳали бир ойга етмасдан ёпилди. Аслида телеграм ботларга ҳайпларнинг кириб келиши 2016 йилда (17.06) Larawith.me деб номланган ҳайп-лойиҳа томонидан бошлаб берилди. У лойиҳа кунига 3% чекланмаган муддатда фоиз тўлаш шарти билан мижозлардан маблағ жалб қилган ҳолда 15.11.2016 йилгача амал қилган ва 32 млн. доллардан ортиқ маблағ жалб қилишга муваффақ бўлган эди.

Айтиш жоизки, ҳар доим юқори даромад ваъда қилинадиган жойда жуда катта хатар яшириниб ётади. Бу ҳам бўлса қўйилган маблағни ўзини ҳам қайтариб ола олмаслик хатаридир. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар ўзларининг афсоналарида таклиф қилинаётган усуллар орқали кунига 5-10 ёки ундан ҳам кўп фоизга даромадларини орттиришлари мумкин бўлган инсонларга бошқаларни шунга жалб қилиш уларга вақт ажратгандан кўра, ўзлари тинчгина доимий даромад олиб юрганлари маъқул эмасми? Ундай даромаднинг ўзи йўқлиги ва бунинг барчаси фақатгина мижозларни жалб қилишдаги яхшигина хўрак бўлгани учун ҳам ҳайп-лойиҳалари эгалари турли туман афсоналарни ўйлаб топишади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 90-йиллардаги МММ ва ўтган йили рўй берган Аҳмадбой иши молиявий пирамидаларидан кейин, бугунги кунда бошқа кўринишларда юзага келаётган янги тур молиявий пирамидалар бўлмиш ҳайп-лойиҳалар аниқ фирибгарлик асосида ташкил қилинадиган умри қисқа бўлган лойиҳалардир. Уларга пул тикишдан олдин аввало шу пулдан воз кечишга тайёр бўлишингиз кераклигини унутманг.

Мансур Тангишов, молиячи-эксперт