24 сентябрь якшанба куни Германияда парламент сайловлари бўлиб ўтади. Ушбу сайловлар натижасида янги федерал канцлер номи маълум бўлади. Овоз бериш участкалари маҳаллий вақт билан 8:00 да очилади ва 18:00 да ёпилади. Шу вақтга келиб, дастлабки exit poll натижалари маълум бўлади. Айни шу рақамлар сайловнинг деярли расмий натижасини акс эттиради.

Exit poll ишлари билан эса қуйидаги тадқиқот марказлари: Forsa (RTL телеканали), Emnid (Bild таблоиди), Infratest dimap (ARD телеканали), "Сайловлар" тадқиқот гуруҳи (ZDF телеканали) олиб боради.

Сайлов натижалари Германия федерал сайлов қўмитаси интернет сайтида жонли равишда олиб борилади. Овоз беришнингилк якуни 25 сентябрь куни эрталаб маълум бўлади. Сайловдан сўнг, 30 кундан кечикмасдан янги парламентнинг илк мажлиси ташкил этилади. У 4 йил давомида фаолият юритади. 

Мамлакат қонунчилигига кўра, Германия ҳудуди 299 та сайлов округига тақсимланади. 16 та федерал ерлардаги сайлов округлари сони ўша ерда истиқомат қилувчи аҳоли сонига боғлиқ равишда ўзгаради. Энг кўп сайлов округи Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ерлигида бўлиб, 64 тани ташкил этади. Ушбу 299 та округда 73 минг 500 га яқин сайлов участкаси жойлаштирилади. 

Умумий ҳисобда мамлакатдаги 42 та сиёсий партия 19-чақириқ Германия Бундестагидаги депутатлик ўринлари учун кураш олиб бормоқда. Аммо, ғалаба қозониш борасида 6 та партия асосий даъвогар ҳисобланади. 

Экспертларнинг фикрича, канцлер Ангела Меркелнинг НДИ/НСИ блоки устун келиш эҳтимоли юқори. Таҳлилчилар Мартин Шульц етакчилигидаги Германия Социал демократик партияси иккинчи ўринни эгаллашини тахмин қилишмоқда. Озод демократик партия, "Яшиллар" ва "сўллар"нинг ҳам янги парламентдан ўрин олиш эҳтимоли юқори. Шунингдек, 19-чақириқ парламентда ўнг оқимдаги "Германия учун муқобиллик" партияси ҳам ўз ўрнига эга бўлиши мумкин. 

Сайловларда 61,5 миллионга яқин сайловчи иштирок эта олади. Уларнинг 31,7 миллиони аёллар, 29,8 миллиони эркаклардир.