Бугунги кунга келиб мяньмалик роҳингя мусулмонларининг 800 мингдан ортиғи Бангладешга қочиб келди. Бангладеш бош вазири Ҳасин Вазид БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиядаги умумсиёссий муҳокамаларда шу ҳақда маълум қилди. 

"Биз айни вақтда Мьянмадан мажбур бўлиб келган 800 мингдан ортиқ роҳингя мусулмонларига бошпана бердик", - деган у.  Вазид хонимнинг сўзларига кўра, Мьянманинг Рокҳайн штатида "роҳингялар ҳуқуқлари поймол этилмоқда".

"Биз Мьянма ҳукуматининг ўз чегара ҳудудида роҳингялар қайтиб бора олмасликлари учун мина ётқизаётганини даҳшат билан кузатаяпмиз", - деган Бангладеш ҳукумати раҳбари. Унинг сўзларига кўра, "роҳингялар юзлаб йиллар мобайнида яшаган ўз ватанларидан этник тозалашлар сабабли қочмоқда". 

"Бу одамлар хавфсиз ҳолда шараф билан ватанларига қайтиш имконига эга бўлишлари лозим", - деб таъкидлаган бош вазир БМТ ва жаҳон ҳамжамиятини "ушбу инқирозга барҳам бериш учун чоралар кўриш"га чақирди.

Вазиднинг айтишича, Мьянма ҳукумати "дастлабки шартларсиз ва зудлик билан ҳамда доимий равишда Рокҳайндаги этник тозалашларга барҳам бериши керак".