2017 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. 

Сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари қонун лойиҳаларини кўриб чиқишдан аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқига ўз муносабатларини билдирдилар. Таъкидландики, давлат раҳбарининг мазкур нутқи чинакамига тарихий аҳамиятга эга. Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро сиёсатнинг энг муҳим йўналишларига доир юксак минбардан баён қилинган ташаббуслари кенг сиёсий доиралар ўртасида қўллаб-қувватланди.

Сиёсий партиялар  фракциялари вакиллари Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу нутқининг, давлат сиёсати энг муҳим йўналишларига тааллуқли амалий таклифларининг, фикр-мулоҳазаларининг моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш юзасидан сайловчилар, кенг жамоатчилик ўртасида ахборот-тарғибот тадбирларини ўтказиш зарурлиги тўғрисида таклиф ва тавсиялар билдирдилар. Давлатимиз раҳбари томонидан билдирилган ташаббусларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашнинг муҳимлиги қайд этилди.

Шундан сўнг депутатлар бир қатор қонун лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқишга киришдилар. Хусусан,  «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ, Оила, Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари ва бошқа қонун ҳужжатлари муҳокама қилинди.

Мамлакатнинг бугунги тутган сиёсий йўлига мувофиқ «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» деган принципни мамлакатда халқ ҳокимиятини номигагина эмас, ҳақиқий қилувчи механизмларни кучайтириш орқали амалга ошириш демократик давлатни ва адолатли жамиятни барпо этишда устувор аҳамият касб этади.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ норматив-ҳуқуқий базани янада ривожлантириш мақсадида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. 

Қонун лойиҳаси фуқароларнинг давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқининг рўёбга чиқарилиши билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга чақиради. Қонун лойиҳасида жамоатчилик назоратининг шакллари, уларни амалга ошириш механизмлари, жамоатчилик назорати субъектларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари очиб берилган.