Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни АҚШга ташрифи билан қутлади. Бу ҳақда ЎзА хабар берган.

Мазкур табрик мактуби давлатимиз раҳбари шарафига шу йил 21 сентябрь куни ташкил этилган Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида ўтказилган қабул маросимида ўқиб эшиттирилган.

Қутлов изчил ривожланиб бораётган Ўзбекистон ва АҚШ муносабатларининг бугунги ҳолатини ифода этиб, икки давлат Президентларининг мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида якдиллигини тасдиқлади.

Қуйида ушбу табрик матни эълон қилинмоқда.

Оқ уй,

Вашингтон шаҳри,

2017 йил 20 сентябрь

Мелания ва мен Ўзбекистон Республикаси элчихонаси ҳамда Америка-Ўзбекистон савдо палатаси томонидан ташкил этилган қабул маросимининг барча қатнашчиларини табриклаймиз.

Америка халқи номидан Президент Шавкат Мирзиёевни Америка Қўшма Штатларига ташрифи билан чин дилдан қутлаймиз. Ўзбекистон 1992 йилдан буён хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, Марказий Осиё минтақасини тараққий эттириш  бўйича умумий саъй-ҳаракатларимизда муҳим шерикка айланди.

Америка Қўшма Штатлари иқтисодиётга сармоя киритиш орқали ҳамда маданий алоқалар ва турли даражадаги ҳамкорлик асосида давлатларимиз ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаб келаётган ўзбекистонлик шерикларимиз фаолиятини қадрлайди. Қўшма Штатлар ўзаро дўстлик ришталарини ривожлантириш ва келгуси авлодлар учун имкониятларни кенгайтириш йўлида олиб борилаётган ишларни давом эттиради.

Қабул маросими барча қатнашчилар учун сермазмун ўтишини тилайман.