Профессионал рингда кетма-кет икки маротаба ғалаба қозонган Фазлиддин Ғоибназаров учинчи жангини қачон ва кимга қарши ўтказиши маълум бўлди.

Sports.uz нашрининг хабар тарқатишича, ўзбекистонлик боксчи 22 сентябрь куни АҚШда мексикалик Виктор Росас билан жанг қилади.

29 яшли мексикалик чарм қўлқоп устаси тўққизта ғалаба ва олтита мағлубият қайд этган. Учта жангда рақибларини нокаутга туширган.

Рио олимпиадасидаги ғалабадан сўнг профессионал боксга ўтган Фазлиддин дастлабки икки жангда Виктор Васкез ва Агустин Маурасни мағлубиятга учратди.

Ғоибназаровнинг учинчи баҳси саккиз раундлик рейтинг жанги сифатида қайд этилган.