Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган ёшлар масалалари бўйича республика идоралараро кенгаши мажлисининг Бош вазир А.Арипов томонидан 2017 йилнинг 19 сентябрь куни тасдиқланган баёнида қайд этилишича, Ёшлар иттифоқи, Маданият вазирлиги, «Ўзбекконцерт» давлат муассасаси билан бирга пахта теримига жалб этилмаган уюшмаган ёшлар отрядлари аъзоларини рағбатлантириш, уларнинг дам олиш вақтларини мароқли ўтказиши учун турли маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ташкил этиб боради.

Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, «Дори-дармон» компаниясига уюшмаган ёшлар отрядлари аъзолари учун ётоқхона ва (палатка) шийпонларда кечаю-кундуз соғлиқни сақлаш ходимларидан иборат навбатчилик ташкил этиш ҳамда зарур бўлган дори-дармон воситаларини етказиб бериш чораларини кўриш топширилди.

Ўзбекистон фермерлари Кенгашига уюшмаган ёшлар отрядлари фаолият олиб борадиган фермер хўжаликларида улар учун зарурий шароитларни яратиш тавсия этилди.

«Фидойи ёшлар отрядлари»ни Тошкент вилоятида намунавий тарзда ташкил этилиши кўрсатиб ўтилган.

Тошкент вилояти ҳокимлиги бир кун муддатда уюшмаган ёшларни (18-30 ёшгача) уюшмаган ёшлар отрядига тўлиқ жалб қилиш, жумладан Тошкент вилояти таркибидаги туман (шаҳар)лар кесимида ҳар бир отрядга 200 нафаргача аъзоларни бириктирилиши бўйича чораларини кўриши белгилаб қўйилган.

KUN.UZ’га вазият билан таниш манбаларнинг тасдиқлашича, уюшмаган ёшлар деганда ҳеч қаерда ишламаётган, ўқимаётган ёшлар тушунилади. Айнан улардан отрядларга жалб этилади. «Фидойи ёшлар отрядлари»га барибир талабалар мажбурий жалб этилиши ҳақидаги миш-мишлар асоссиздир.