Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган фуқаро Э.А.нинг йўл сумкаси божхоначилар томонидан белгиланган тартибда кўздан кечирилганда, сумкадаги оёқ кийимлари орасига 20 минг АҚШ доллари яшириб жойлаштирилганлиги аниқланди. Бу ҳақда “Тошкент-Аэро” ИБК ахборот хизмати хабар берган.

Йўловчи божхона декларациясида ва божхона ходимларининг оғзаки сўрови пайтида маълум қилинмаган, божхона назоратидан яширинча олиб ўтишга уринилган ушбу валюталарни синчиклаб кўздан кечириш давомида божхона ходимларини шубҳалантирган яна бир жиҳат фош бўлди.

фото: customs.uz

Гап шундаки, бир қарашда ҳақиқийдек туюлса-да, ушбу купюраларнинг барчаси қалбаки бўлиб чиқди. Буни қалбаки купюраларни аниқлашга ихтисослашган валюта детектори ҳам тасдиқлади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Эксперт-криминалистика бош марказининг хулосасига кўра, ушбу купюраларда тўрсимон структуралар ва ҳимоя ленталари мавжуд эмас, пуллар махсус корхоналарда тайёрланмаган, аксинча оддий электрофотографик ва ясси босма усулда чоп этилган экан. Шунингдек, купюралардаги ранглар бир-биридан яққол фарқ қилади.

Суриштирувлар давомида Э.А. ушбу пулларни Истанбулдаги нотаниш шахсларнинг илтимосига биноан олиб келаётганлигини таъкидлаган. 

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 176-моддаси 3 қисми “а” бандига мувофиқ жиноят иши қўзғатилди.

Ушбу моддага биноан қалбаки чет эл валютасини жуда кўп миқдорда ўтказиш ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 240-моддасига мувофиқ жисмоний шахслар томонидан божхона чегарасини кесиб ўтаётганда нақд миллий ва нақд чет эл валютасининг олиб ўтилиши устидан назорат бевосита божхона органлари томонидан амалга оширилади.