Шимолий Кореяда бўлган самолёт ва кемаларга ярим йил давомида АҚШга ташриф буюриш тақиқланди. Бу ҳақда Оқ уйнинг АҚШ президенти Дональд Трампнинг Шимолий Кореяга нисбатан санкцияларни кучайтириш ҳақидаги фармонига изоҳ берилган баёнотида айтилган.

Тақиқлов, шунингдек Шимолий Кореяга 180 кун ичида ташриф буюрган кемадан бошқа кемага юкни ўтказишга ҳам қўлланади.   

Қарор, шунингдек, АҚШ молия вазирига давлат котиби билан маслаҳатлашувдан кейин Шимолий Кореядаги қурилиш, энергетика, молия хизматлари тақдим қилиш, балиқчилик, ахборот технологиялари, ишлаб чиқариш, тиббиёт, тоғ саноати, тўқимачилик ва транспорт соҳалари билан боғланган шахсларга нисбатан санкциялар киритиш ваколатини беради. Шунингдек, Шимолий Кореядаги исталган порт, аэропорт ёки қуруқликдаги чегара назорат-ўтказиш пунктига эгалик қилиш, уни назорат қилиш ва ундан фойдаланиш, Шимолий Кореяга исталган товар, хизмат ва технологияларни экспорт-импорт қилиш тақиқланади. 

Оқ уйнинг фикрича, "Шимолий Корея ҳукуматининг иғвогар, беқарорлаштирувчи ва репрессив ҳаракатлари ва сиёсий йўналиши АҚШ миллий хавфсизлиги, ташқи сиёсати ва иқтисодиётига мунтазам таҳдид солади". 

Ҳужжатда айтилишича, Вашингтон Шимолий Корея ядро ва ракета дастурига йўналтирадиган исталган даромадга қарши курашади.