Дунёга машҳур White & Case LLP – халқаро юридик фирмаси Тошкентда ваколатхонасини очади. Президент Мирзиёевнинг АҚШга сафари чоғида ушбу фирма билан адлия вазирлиги ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланган. Ушбу фирма Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосини ишлаб чиқишда бевосита кўмаклашади. Бу ҳақда ХПКнинг навбатдаги мажлисида иштирок этган Олий Мажлис Сенати раиси биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, ушбу фирма ваколатхонаси 2018 йил январидан ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда. 

Фото:халкаро пресс клуб

White & Case LLP Нью Йоркда жойлашган халқаро миқёсдаги юридик фирма бўлиб, 1901 йилда ташкил топган. Фирма халқаро арбитраж ва лойиҳаларни молиялаш, M&A (mergers and acquisitions — қўшилиш ва ютилиш – бизнес ва капиталнинг йириклашуви билан боғлиқ иқтисодий жараён) соҳасида билимдонлиги билан танилган. Шу нарса маълумки, White & Case юридик фирмалар учун M&A лигасида 2016 йили 1-ўринни эгаллаган. Глобал арбитраж таҳлили White & Case фирмасини 2016 йилнинг Биринчи рақамли халқаро арбитраж фирмаси деб топган. 

Фирма ташкил топганидан сўнг, йириклашиб АҚШнинг Нью Йоркдан бошқа шаҳарлари ҳамда дунёнинг бошқа нуқталарида ҳам ўз бўлимларини очди. У ривожланаётган бозорлар, хусусан, Лотин Америкаси, Марказий ва Шарқий Европа, Африка, Яқин Шарқ ва Осиёга кириб борган. White & Case дунёнинг 28 мамлакатида 40 та идорасига эга.