Ён-атрофимизга назар солсак, бугунги кунда энг долзарб ва энг кўп муҳокама қилинаётган масалалардан бири - айнан пайта йиғим-теримига уюшмаган аҳоли, ходимлар ва талабаларни жалб этиш масаласи бўлиб тургани ҳеч биримизга сир эмас. Буни билиш учун кўчага чиқиш ҳам шарт эмас аслида, ижтимоий тармоқларни кузатишнинг ўзи кифоя, ҳаммаёқда шу гап.

Таҳририятга талабалардан жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Уларни қизиқтираётган асосий савол пахта йиғим-теримига ўз ихтиёри билан боришни истамаган, ректор номига кўнгилли сифатида “пахтага бораман” деб ёзиб беришни хоҳламаган талабани келгусида нима кутиб турибди? Бунинг натижасида талабани ОТМдан четлатиш мумкинми?

Жавоб: ЙЎҚ! ВА ЯНА ЙЎҚ!

Энг аввало пахта йиғим-теримига чиқиш ҳар бир кишининг ихтиёрий қарори эканлигини унутмаслигимиз лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 37-моддаси, Меҳнат кодексининг 7-моддаси ҳамда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ, мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади. Шунга кўра, ҳеч кимни ўз хоҳишига қарши равишда пахта йиғим-теримига жалб қилиш мумкин эмас.

Талабаларга келсак, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги низомда талабани пахта-йиғим теримида иштирок этмаганлиги учун ОТМдан четлатиш назарда тутилмаган.

Хўш, ўзи қандай сабаблар билан талабани ОТМдан четлатиш мумкин?

Низомнинг 36-бандига кўра, талаба олий таълим муассасасидан қуйидаги ҳолларда четлаштирилиши мумкин:

а) ўз хоҳишига биноан;
б) ўқишнинг бошқа таълим муассасасига кўчирилиши муносабати билан;
в) саломатлиги туфайли (тиббий комиссия маълумотномаси асосида);
г) ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун;
д) бир семестр давомида дарсларни узрли сабабларсиз 74 соатдан ортиқ қолдирганлиги сабабли;
е) ўқиш учун белгиланган тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли (тўлов-контракт бўйича таҳсил олаётганлар учун);
ж) талаба суд томонидан озодликдан маҳрум этилганлиги муносабати билан;
з) вафот этганлиги сабабли.

Кўриб турганингиздек, улар сафида “пахта йиғим-теримида иштирок этмаганлиги учун” деган банд йўқ. 

Шунингдек, мабодо олийгоҳ ихтиёрий пахтага боришни истамаган талабани “ўқув интизомини ва олий таълим муассасасининг ички тартиб-қоидаларини бузганлиги учун” деган важ билан ОТМдан четлатмоқчи бўлса, бу ҳам амалдаги қонун талабларига зид ҳисобланади. Сабаби ОТМларнинг ички тартиб-қоидаларида талабага пахта йиғим-теримида иштирок этиш мажбурияти мумкин эмас, бундай қоида бирорта ОТМда йўқ.

Агар бундай ташаббусга қўшилмаган талабани ОТМ маъмурияти бошқа сабаблар билан, масалан, сессия пайтида атайин қийнаб ёки доимий таъқиб остига олиб четлатишга уринса, талаба ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўраб прокуратура органларига мурожаат қилиши мумкин.