Туркия ой охирига бориб, Сурия билан чегарасида бетон девор қурилишини якунлайди. Бу ҳақида жума куни Anadolu агентлиги хабар берди

Лойиҳа бўйича режалаштирилган 828 километр деворнинг 97 километрини қуриб битказиш қолди. Ҳозирда Хатайнинг жанубий қисми, тоғ жинслари кўп бўлган ҳудудда ишлар қизғин кетмоқда. 

Чегаравий тўсиқни яратиш лойиҳаси "Фавқулодда чегара хавфсизлиги тизими" деб аталиб, уни қуриш ишлари 2016 йилда бошланган. Девор 911 километрли Туркия-Сурия чегарасининг бутун чизиғи бўйлаб қад кўтаради. 

Девор учун 3 метрли бетон блоклар тиконли тўсиқлар билан бирга қўлланилмоқда. Ҳар 300 метрда термал ва инфрақизил видеокамералар, тунги кузатув тизимлари, радарлар, сейсмик ва акустик тебранишлар детекторлари билан жиҳозланган миноралар қад кўтарган. Минораларда жонли куч, турли техника ва учувчисиз учар қурилмаларни мағлуб қилиш учун масофадан бошқарилувчи лазер ва ўқ тизимлари ўрнатилмоқда.

Бундан ташқари, агентликда таъкидланишича, Туркия қуролли кучлари вазиятни мониторинг қилиш ва Сурия ҳудудида ҳаракатланишни назорат қилиш мақсадида дирижабллардан фойдаланмоқчи. 16 метрли учар қурилмалар бир километр баландликкача кўтарила олади. Улар кузатув ускуналари билан жиҳозланган.