Канададаги Макмастер Университети олимлари ҳафтада беш кун 30 дақиқалик жисмоний фаоллик юрак-қон томир касалликлари ва бошқа сабаблар натижасидаги ўлим хавфини камайтириб, умрни узайтиришини аниқлашди. New Scientist нашри шу ҳақида маълум қилди.

Кенг кўламли тадқиқотда 17 мамлакатдан 130 минг киши иштирок этди. Сўровнома давомида кўнгиллилар ҳафта давомида неча марта жисмоний машқлар билан шуғулланишларини кўрсатишган. Тадқиқот иштирокчилари етти йил давомида назорат остида бўлишган, бу вақт давомида касаллик ва ўлим ҳолатлари даражаси қайд этиб борилган.

Маълум бўлишича, ҳафтасига 150 дақиқани тез юришга ажратувчи кишиларда эрта ўлим ҳолатлари хавфи 28 фоизга камаяди, 750 дақиқалик жисмоний фаоллик эса ундан-да фойдали бўлиб, бу ўлим эҳтимолини 36 фоизга камайтиради. Олимларнинг сўзларига кўра, югуриш, сузиш билан шуғулланиш ёки спортзалга қатнаш шарт ҳам эмас, шунчаки уйларни йиғиштириш ёки ишга пиёда боришнинг ўзи етарли бўлади. Агар тавсияларга ҳамма риоя қилса, у ҳолда ҳар етти йилда 8 фоиз ўлим ҳолатларининг олдини олиш мумкин бўлади. 

Манбага кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 18-64 ёшдаги кишиларга ҳар ҳафта камида 150 дақиқани меъёрий жисмоний фаолликка ва икки кунни мушакларни мустаҳкамловчи машқларга қаратишни тавсия қилишмоқда.