Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Нью-Йоркка амалий ташрифи доирасида Time журнали шарҳловчиси, сиёсатшунос, Eurasia Group тадқиқот маркази президенти Иэн Бреммерга интервью берди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилган.

Унинг маълумотларига кўра, Атамбоев мамлакатнинг ташқи сиёсий курсини амалга ошириш ва Қирғизистоннинг стратегик шериклари билан муносабатларни ривожлантиришдаги асосий устувор йўналишлари ҳақида гапириб берган. У Time журнали шарҳловчисининг диний экстремизм ва терроризм билан курашга алоқадор чоралар, Қирғизистонда демократияни мустаҳкамлаш бўйича ишлар ва АҚШ билан муносабатлар ҳақидаги саволларига ҳам жавоб қайтарди.

«Биз давлатимизда тинчлик ва осойишталик, барқарорликка эришдик. Ўтган йилларда кишиларда келажакка ишончни уйғотдик. Кишилар бошқача кайфиятда. Биз уларга ўзимизнинг минг йиллик тарихимиз ҳақида эслатдик. Одамларда миллий ўзликни англаш ҳисси пайдо бўлди ҳамда улар мамлакат тақдири ўзларига боғлиқ эканини тушуниб етдилар. Бунга қадар биз биометрик маълумотлар фойдаланилган ҳолда адолатли сайловларни ўтказдик. Биз шунга эришдикки, амалдорлар, ҳокимият жамоатчилик фикрини ҳурмат қилишни ҳамда эшитишни, ундан қўрқишни бошлади», - дея маълум қилган Атамбоев интервьюда.