Россия АҚШга Сурияда аксилтеррорчилик операцияларининг ўтказилишига халақит қилишга уринишлар жавобсиз қолмаслигини аниқ тушунтириб қўйди. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров суриялик ҳамкасби Волид Муаллимга у билан БМТ Бош ассамблеяси доирасидаги учрашувда маълум қилди.

"Биз мунтазам равишда америкаликлар, АҚШ давлат департаменти ва Пентагон билан гаплашмоқдамиз ва биз нима юз бераётганини тушунтирдик. Биз америкалик "дўстлар"га, ёки уларни яна бошқача қандай аташ мумкин, яқин ҳудудлардан аксилтеррорчилик операцияси якунланишини мураккаблаштиришга ҳаракатлар бўлса, бу жавобсиз қолмаслигини аниқ тушунтириб қўйдик", деб айтди Лавров.

Муаллим ўз навбатида АҚШ Сурия армиясининг Даур-аз-Зорга кириб боришига халақит қилишга уринаётганини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Суриянинг Россия билан ҳамкорлиги ўз мевасини бермоқда.

"Бироқ америкаликлар ўз ёндашувларини ҳамон ўзгартирмаяптилар. Улар Даур-аз-Зорда армиямизнинг ИШИДга қарши ҳужумларига халақит қилишга уринмоқда", деб айтди Муаллим.

"Аминманки, Сурия армиясининг ҳарбий-коинот кучлари кўмагидаги муваффақиятлари, айниқса, Даур-аз-Зорда, яхши таассурот қолдиради. Бу ИШИДга қарши курашда қатъий ҳиссадир. Сизнинг бу масала ва Суриядаги вазият бўйича баҳоларингизни тинглашга тайёрмиз", деб қўшимча қилган Лавров.

Аввалроқ Россия бош штабида "Жибҳат ан-Нусра" жангарилари Сурия армиясининг Хама шаҳридаги позицияларига катта кўламли ҳужумни амалга ошираётганини маълум қилганди. Бош штабнинг айтишича, ҳужумга Сурия ҳукумат кучларининг Даур-аз-Зорга кириб боришини тўхтатиш учун АҚШ махсус хизматлари хаспўшлик қилганлар. Пентагонда бу айбловлар рад этилган.