Мексикадаги зилзиладан жабр кўрганларга гуманитар юк олиб кетаётган Мексика бош прокуратурасининг вертолёти Оахака штатининг Сан-Карлос-Яутепек муниципалитетида фалокатга учради. Бу ҳақда Sinembargo нашри хабар бермоқда. 

Мексика фуқаролик мудофааси миллий координатори Луис Фелипе Пуэнтенинг айтишича, фалокат оқибатида 3 киши жароҳат олган, 4 кишига ҳеч нарса қилмаган. Фалокат сабаблари кўрсатилмаган.

23 сентябрда Пуэнте Мексикадаги зилзила қурбонлари сони 293 нафарни ташкил қилаётганини маълум қилганди. Қурбонлар Мехико шаҳри, Морелос, Пуэбла, Мехико, Герреро ва Оахака штатларида яшаганлар.

19 сентябрда Мексика жанубидаги Пуэбло-де-Сарагоса шаҳридан ғарб томон 98 км узоқликда 7,1 балли зилзила содир бўлганди. Бундан кейин магнитудаси 4,0 баллгача етган яна 11 та зилзила қайд этилган. Зилзила оқибатида кўплаб аҳоли бошпанасидан айрилган. 4 млн га яқин мексикалик электр энергиясиз қолиб кетган.