Шимолий Корея билан боғлиқ низога ҳар қандай ҳарбий аралашув фожиага олиб келади. Бу муаммони дипломатик йўллар билангина ҳал қилиш керак, деб айтди Германия канцлери ва ХДИ/ХСИ партиялари альянси етакчиси Ангела Меркель. У бу ҳақда Мюнхенда сайловолди кампаниясининг якунловчи сайловолди намойишида айтиб ўтди.

"Мен ҳамиша Германияни имкони бор жойда дипломатик ечимни қўллаб-қувватлашига чақираман. Мен Шимолий Корея диктаторининг ядровий синовларини назарда тутмоқдаман. Мен бу низо дипломатик йўл билан ҳал қилинишини қўллаб-қувватлайман, унга ҳар қандай ҳарбий аралашув фожиага олиб келади", деб айтган Меркель.

Меркелнинг айтишича, унинг альянси сайловларда ғалаба қозонса, у Шимолий Корея атрофидаги вазият бўйича музокараларни бошлаш ва "дунёни барқарорроқ қилиш" учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади.

Германия парламентига сайловлар 24 сентябрда бўлиб ўтади. Ижтимоий сўровномалар маълумотларига кўра, Меркель альянси ишончли тарзда етакчилик қилмоқда.