Япониянинг Toyota маркаси қарийб 20 йил аввал бозорга Prius гибридли моделини чиқарганди. Бироқ, вақт ўтмоқда, ҳамда ҳозирда Toyota’нинг электрокарлар сегментидаги позициялари унчалик мустаҳкам эмасдек кўринмоқда. Японлар бу вазиятга туб бурилиш ясаш ниятидалар.

DetroitBureau нашрининг манбаларга асосан хабар беришича, японлар яқин 10 йил ичида бозорга электр куч қурилмалари билан жиҳозланган 10 та моделни чиқариш ниятида. Улардан бир қисми тўла электрли бўлади, баъзилари гибридли двигателларни олади, бошқалари эса – электр розеткасидан қувватлантириш имкониятига эга гибридли двигателлардир.

Ҳозирча у ёки бу электрокар қачон чиқарилиши бўйича аниқ маълумот йўқ. Бироқ нашр манбаларининг хабар беришича, марканинг биринчи тўлиқ электрлаштирилган автомобили 2021-2022 йилларда тақдим этилади. Шу билан бирга, батареялар сифатида кўплаб маркаларнинг замонавий электрокарларидаги литий-ионли эмас, балки қаттиқ жисмли элементлардан фойдаланилиши айтилмоқда.

Бундан ташқари, японлар классик моторларга эга моделларни ҳам эсдан чиқариш ниятида эмас, сабаби уларга бўлган талаб ҳозирча анча юқори даражада.

Кутилишича, Toyota модель қаторини электрлаштириш бўйича янги стратегияни Детройтдаги халқаро автосалон доирасида тақдим этади. Тадбир келаси йилнинг январида бўлиб ўтади.

Аввалроқ янги қиёфадаги Toyota Land Cruiser Prado’нинг илк фотосуратлари намойиш этилганди.