АҚШ президенти Дональд Трампнинг маълум қилишича, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан “ишни аллақачон бирёқли” қилиш керак эди.

"Биз бу аҳмоқ йигитнинг қилиқларига чидаб турмаймиз. У ракеталарни ҳамма жойга қараб отмоқда", - деди АҚШ президенти Алабама штатидаги сайловолди митингида. Тадбир Сенатга республикачилардан номзодни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.

"Дарвоқе, ракета-инсон билан ишни аллақачон бирёқли қилиш керак эди. Буни (Билл) Клинтон, (Барак) Обама амалга ошириши лозим эди, республикачилар ҳақида гапирмайман. Бу 8, 4, 15 йил аввал қилиниши керак эди, аммо ҳозир эмас. Бироқ мен буни ҳал қиламан", - деди Трамп.

Унинг маълум қилишича, "сайёрада тинчликка эришишнинг энг яхши йўли – ўз халқларини ҳурмат қилувчи, ўз қадрини биладиган суверен давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳаракатлардир".

Аввалроқ Трамп БМТ Бош Ассамблеясидаги нуқтида АҚШ КХДРни Қўшма Штатларга таҳдид қилишда давом этса, йўқотиб юборишдан бошқа иложи қолмаганини маълум қилди. Шу билан бирга, у Ким Чен Инни “ракета-инсон” деб атади. Жума куни эса у Ким Чен Инни “аҳмоқ” деб атади ва унга “мисли кўрилмаган синовлар”ни ваъда қилди.

Los Angeles Times газетасининг манбаларга асосан ёзишича, Трампнинг маслаҳатчилари ундан КХДР етакчисини ҳақорат қилишдан ўзини тийишни бир неча марта сўрашган.

Нашрнинг хабар беришича, америкалик амалдорлар, жумладан, миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Герберт Макмастер БМТ Бош Ассамблеясидаги бундай баёнотлар кескинликни янада ошириши ва музокаралар учун барча имкониятларни йўққа чиқаришидан хавфсирашмоқда.

Таъкидланишича, Трампнинг Ким Чен Инга нисбатан сўзлари нутқнинг қўл ёзма шаклида бўлмаган. Хомаки вариант президентнинг чиқишига бир кун қолганида, бир неча юқори мансабли маслаҳатчилар томонидан кўриб чиқилган.

Жума куни эрталаб эса Ким Чен Ин баёнот билан чиқиб, АҚШ президентининг БМТдаги нутқини “аҳмоқона алаҳлаш” деб атади, Америка президентининг ўзини эса – “маънавий тушкунликка тушган одам” сифатида таърифлади, ҳамда “тарихдаги энг кучли аксилчоралар кўриш”га ваъда берди. Шундан сўнг Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо Нью-Йоркда журналистлар олдида чиқиш қилиб, Тинч океани узра водород бомбасининг кучли синови Трампнинг нутқига жавоб чораси бўлиши мумкинлигини маълум қилди.