Туркия вазирлар маҳкамаси мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған раислигида ўтган йиғилишда Ироқ Курдистони мухторияти мустақиллиги бўйича референдумга жавобан қатор чораларни қабул қилди. Мамлакат вице-президенти Бекир Бўздоғнинг маълум қилишича, уларни эълон қилишга ҳали вақтли.

Аввалроқ Ироқ Курдистони раҳбари Маъсуд Барзоний минтақа Боғдоддан мустақил бўлиш ҳақидаги референдумни бошқа муддатга кўчирмаслиги ва 25 сентябрь куни ўтказиши ҳақида маълум қилганди. Бу, унинг сўзларига кўра, “ўтказилаётган босимга қарамай юз беради”.

"Биз референдум бекор қилинадиган бўлса, ҳамда агарда у ўтказилса, бу ҳолатлардаги барча вариантларни муҳокама қилдик. Туркия жиддий позицияда ҳамда ўзини миллий хавфсизлиги манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда тутади. Биз барча таҳдидларга қарши режалар қабул қилдик, ҳамда умид қиламанки, уларни қўллашга эҳтиёж бўлмайди. Ҳозирча улар ҳақида эълон қилмасликка қарор қилдик. Биз барча чоралар ва уларнинг оқибатларини яхшилаб ўйлаб кўрганмиз", - деди Бўздоғ журналистларга вазирлар маҳкамаси йиғилишидан сўнг.

Унинг таъкидлашича, референдум Туркия миллий хавфсизлигига тўғридан-тўғри таҳдид уйғотади, минтақадаги кескинликни кучайтиради ва кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

"Ироқ билан қўшни бўлган барча давлатлар ва халқаро ҳажмият референдумга қатъий қарши. Курдлар мухториятида ҳам уни қўллаб-қувватламаётганлар етарлича, у ерда нафақат курдлар, балки араблар, туркманлар яшайди. Курдлар маъмуриятини яна бир бор соғлом фикр билан иш кўриш ва референдумдан воз кечишга чақираман. Бу ҳиссиётларга берилган ҳолда ҳал этиладиган масала эмас. Умид қиламизки, улар қайта ўйлаб кўришади. Ҳали вақт бор", - деди Бўздоғ.

Унинг қўшимча қилишича, Туркия референдумнинг бошқа муддатга кўчирилишига қарши ва у бекор қилинишини талаб қилади. Бўздоғ Ироқ билан турли йиллардаги келишувлар ҳақида эслатиб ўтди, Анқара улар асосида референдум ўтказиладиган бўлса, мустақил ҳаракатларни амалга ошириши мумкин.