Калифорнияда АҚШ разведкасининг махфий сунъий йўлдошига эга Atlas V ракетаси ишга туширилди. United Launch Alliance (ULA) компанияси унинг трансляцияси билан бўлишмоқда. 

NROL-42 миссияли ракета старти Ванденберг космодромида бўлиб ўтди. Старт жума куни амалга оширилиши керак эди, аммо носоз батареяни алмаштириш зарурати сабабли бошқа кунга кўчирилган эди. 

Ўтган ҳафтада АҚШнинг жанубий қисмини қамраб олган "Ирма" довули сабаб ҳам ракетани ишга тушириш куни кўчирилганди.

United Launch Alliance компанияси АҚШ ҳарбий кучлари билан тузилган шартномага мувофиқ ракета стартини амалга оширмоқда. Вазифаси номаълум сунъий йўлдош Америка разведкаси эҳтиёжлари учун хизмат қилади. 

Atlas V ракета-ташувчиси учун бу йил бошидан буён 6-старт бўлса, АҚШ Миллий разведка бошқармаси учун 2006 йилдан буён 25-старт ҳисобланади.