БАА ҳукумати Саудия Арабистони фуқароларига қиролликда 23 сентябрда нишонланадиган Миллий кун муносабати билан меҳмонхоналарда 50 фоизлик чегирма ўрнатди. Бу ҳақда БАА бош вазири ва Дубай ҳокими шайҳ Муҳаммад бин Рашид Ал-Мақтум твиттерда маълум қилди.

Шу куни 1932 йилда Нажд, Ҳижоз, Ал-Ҳаса ва Катиф вилоятлари Саудия Арабистони деб аталган ягона қиролликка бирлашган.

"Миллий кунда Амирликка келувчи саудия арабистонилик меҳмонлар меҳмонхоналарда 50 фоизлик чегирма билан қолишлари мумкин. БАА ва Саудия Арабистони тоабад бирга",  деб ёзган Ал-Мақтум.

"БАА ва Саудия Арабистони тоабад бирга" шиорини БААдаги мобиль операторлар байрамгача бир неча кун аввал барча мобиль телефонлар экранларида чиқара бошлашган.

Бундан ташқари, Саудия Арабистонининг миллий байрамидан бир неча кун аввал БАА аэропортларида Амирликка келаётган саудия арабистонликлар табрикланиб, уларга кичик совғалар улашилган.