Америкалик бейсболчи Брюс Максуэлл Бейсбол бош лигаси (MLB)нинг асосий анъаналаридан бирини бузиб, тарихда қолди, дея хабар беради Huffington Post.

Иккинчи жаҳон уруши тугаган вақтдан буён ҳар бир ўйин олдидан АҚШ мадҳияси ижро этилади ва бу вақт бейсболчилар тикка туришади. Техаснинг "Рейнжерс" жамоаси билан кечган ўйин олдидан "Окленд Атлетикс" бейсболчиси Максуэлл бир тиззада ўтириб олди. У шу тариқа АҚШ президенти Дональд Трампга ўз норозилигини билдирди - унинг фикрича, давлат раҳбари спортчиларнинг "сўз эркинлиги ва ўз фикрини баён этиш ҳуқуқини чекламоқда".

Максуэллнинг бу хатти-ҳаракати - бейсбол оламида янгилик, бироқ бутун Америка спортида эмас. Бир йил олдин футболчи Колин Кэйперник ҳам "озчиликни камситиш"га қарши чиқиб, худди шу ишни қилганди. NFL'нинг бир неча футболчиси ҳам шундай қилган. Шундан сўнг Трамп спортчиларни ватанпарварлик ҳиссининг етишмаслигида айблади.

"Агар ўйинчи NFL ёки бошқа лигаларда миллионлаб доллар ишлашни хоҳласа, унинг Буюк Америка байроғи (ёки мамлакати)га ҳурматсизлик қилишига йўл қўймаслик керак ва у бизнинг Миллий мадҳиямиз янграган пайтда ўрнидан туриши лозим", деди Трамп.

Бу сўзлар NFL лигаси ҳамда Коби Брайант, Леброн Жеймс ва Стеф Карри каби машҳур баскетболчилар билан зиддиятни келтириб чиқарди. Жумладан, Жеймс Twitter'да президентни "аҳмоқ" дея ҳақорат қилиб, Трамп пайдо бўлгунга қадар Оқ уйга боришни шараф деб билганини таъкидлади.