Германияда бундестаг учун сайловлар бошланди. Тошкент вақти билан соат 11:00да сайлов участкалари очилган.

Augsburger Allgemeine хабарида айтилишича, мамлакат бўйлаб маҳаллий вақт билан соат 18:00гача (Тошкент вақти билан соат 21:00)73,5 мингта сайлов участкаси фаолият кўрсатади.

Сайловда 61,5 млн сайловчи иштирок этиши кутилмоқда. Парламентда кўпчилик мандат учун Ангела Меркельнинг Христиан-демократлар иттифоқи ҳамда Мартин Шульц раҳбарлигидаги Германия Социал-демократик партияси ўртасида кураш кечади.

Сайлов арафасида ўтказилган сўнгги ижтимоий сўровлар сайловчиларнинг 35 фоизи Ангела Меркель етакчилигидаги ХДИ/ХСИ альянси учун овоз беришга, ўз-ўзидан, Меркель хонимни кетма-кет тўртинчи бор канцлер бўлишини таъминлашга тайёрлигини кўрсатган.

Ижтимоий сўров натижаларига кўра, ХДИ/ХСИнинг асосий рақобатчилари — Германия социал-демократик партияси (ГСДП) сайловчиларнинг 22 фоиз, «Германия учун муқобил йўл» фирқаси эса 11 фоиз овоз олиши кутилмоқда. Кейинги ўринларни «Сўллар», «Эркин демократлар» ва «Яшиллар» банд этган.

2013 йили бўлиб ўтган сўнгги парламент сайловларида ХДИ/ХСИ блоки 41,5 фоиз овоз олиб, Бундестагдаги 309 курсини банд этган эди. Улар ГСДП билан коалиция ташкил этиб, умумий ҳисобда 502 мандатга эга бўлганди.

Канцлерни сайлаш учун депутатларнинг шунчаки кўпчилик овозини қўлга киритиш кифоя.