5 ёшида ота-она ёрдамисиз қолган, 15 ёшида - кунига 16 соат ишлаган, Apple ва Samsung учун муҳим аҳамиятга эга бизнес эгаси - буларнинг бари Хитойнинг энг бадавлат аёли, Lens Technology компанияси раҳбари тарихи.

Оғир болалик

Хитойлик Чжоу Цюньфэй self-made миллиардерларнинг  одатий йўлини босиб ўтган: у 15 ёшида у провинциал шиша фабрикаси конвейерида иш бошлаган, 45 ёшда эса у Apple ва Samsung учун муҳим аҳамиятга эга бўлган компанияни бошқаради.

Чжоунинг бойлиги, Forbes рўйхатидаги хитойлик бошқа миллиардерлар каби, компанияга тегишли акциялар нархига боғлиқ.

Фото: SuperCoolPics

Чжоу Цюньфэй 1970 йилда Хитойнинг жануби-шарқидаги Хунань провинцияси, Сянсян шаҳар уездида дунёга келган. Цюньфэйнинг оиласи ночор кун кечирган. 1960-йилларда бахтсиз ҳодиса туфайли отасининг кўзлари кўрмай қолади. Қизнинг онаси эса у 5 ёшлигидаёқ ҳаётдан кўз юмган. Чжоу 15 ёшида мактабни ташлаб, Шэньчжэнь шаҳри (Гуандун провинцияси)га келади, бу вақтга келиб шаҳар иқтисодий зона мақомини олган эди. 1980-йилларда хитойлик ёшлар оммавий равишда қишлоқ жойларни тарк этиб, саноат марказларидан иш излай бошлашганди.

Чжоу ўқиш ва ишни бирдек олиб бориш мақсадида Шэньчжэнь университети ёнида жойлашган заводга ишга жойлашади. У бирйўла бухгалтерия, дастурлаш, божхона расмийлаштируви курсларида ўқиди ва ҳатто юк автомобилларини бошқариш курсига ҳам ҳужжатларини топширди. У кейинчалик афсусланган ягона нарса - инглиз тилини яхши ўрганмагани бўлди.

Шахсий бизнес

1993 йилда у фаолият юритаётган соатлар учун шиша ишлаб чиқарувчи компания ёпилди ва Чжоу ўзининг 20 минг ҳонконг доллари ёрдамида шахсий бизнесига асос солишга қарор қилади. Чжоунинг шахсий бизнесини очишига унинг бошқа қариндошлари билан бирга бизнесни юритишга ёрдам берган жияни ундаган.

2001 йилда унинг компанияси Хитойнинг TCL Corporation электроника ишлаб чиқарувчисининг мобил телефонлари учун шиша етказиб бериш тўғрисида шартнома тузади. Йирик шартнома корхона ривожи йўлидаги муҳим босқич бўлди. Компаниянинг яна бир муҳим ютуғи - 2004 йилда чиққан Motorola RAZR V3 мобил телефонининг флагман модели учун шиша ишлаб чиқаришга доир битим бўлди.

Фото: Business Insider

Икки йилдан кейин Чжоу сенсор экранлар жаҳон бозорининг етакчи ўйинчисига айланган Lens Technology'га асос солади. Компания номи (Lens Technology, lens — инглиз тилида "линза") интернет-қидирув хизматларидаги сўровларга жавобан биринчилар қаторида туриши учун махсус танланган.

Тез орада Чжоу мобил телефонлар, планшет компьютерлар, лэптоплар ва бошқа истеъмолчи электроника учун шиша пластиналар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компаниясини ўзининг қадрдон Сянсян шаҳрига кўчиради.

Бугунги кунда Lens Technology — смартфон, компьютер, шунингдек фото- ва видеотехника ишлаб чиқарувчилар, шу жумладан Apple, Samsung, LG ва Huawei каби электроника флагманлари учун шиша пластина ишлаб чиқарувчи жаҳоннинг етакчи компанияси. Хитой компаниясининг асосий маҳсулоти улуши глобал смартфонлар ва планшет компьютерлар бозорида 20,27 ва 23,37 фоизни ташкил қилади. Lens Technology холдинг компанияси назорати остида 10 шўъба корхона бўлиб, улар Ҳонконг, Шэньчжэнь, Куньшань ҳамда Хунань провинциясида жойлашган.

Юлдузли IPO

2015 йилнинг мартида Lens Technology Шэнчжэнь фонд биржасида, Growth Enterprise Market истиқболли технологик компанияларида IPO ўтказди. iPhone ва бошқа смартфонлар экранлари учун шиша қопламалар етказиб берувчиси 230 миллион долларга яқин пул киритиб, устав капиталининг 10 фоизини жойлаштирди.

Фото: The Verge

Lens'нинг биржадаги дебюти юлдузли бўлди: 22,99 юань билан бошлаган компания акциялари 13 кетма-кет савдо кунида 10 фоиздан ортиқ ўсишни намойиш этди. Март ойи охирида акциялар нархи 71 юанни ташкил қиларди - атиги икки ҳафтада 208 фоизли ўсиш! Ана шундан кейин Чжоу Цюньфэй қимматбаҳо уйларни қуриб сотиш билан шуғулланувчи Ян Хуэйянни ортда қолдириб, Хитойнинг энг бадавлат аёлига айланди.

Lens Technology'да раислик қилувчи Чжоу ва унинг турмуш ўртоғи Чжэн Дзюнлун IPO'дан кейин компаниянинг 90 фоизини сақлаб қолишган.

Apple билан ҳамкорлик

iPhone эгалари деярли ҳар куни сояда юришни афзал кўрувчи хитойлик ишбилармон хонимнинг қўли теккан маҳсулотдан фойдаланишади. Машҳур смартфонларда айнан Lens компаниясининг шишаси қўлланган. Apple корпорацияси Lens Technology'нинг энг йирик мижози ҳисобланади.

Apple билан боғлиқ ҳар қандай янгиликлар Хитой ишлаб чиқарувчилари бозорига сезиларли таъсир кўрсатади.

Apple билан ҳамкорлик келгусида Цюньфэйнинг бойлигини янада ошириши ҳам мумкин.

Apple Watch ақлли соатларини ишлаб чиқишда оддий шиша ўрнига сапфирли шишадан фойдаланилган. Lens Technology ва унинг рақиби Biel Crystal қимматбаҳо хай-тек аксессуар учун мустаҳкам материалнинг етказиб берувчиси бўлишга муваффақ бўлди.

Фото: Delfi

Технологик гигантларга қарамлик ишлаб чиқарувчилар учун қимматга тушиши мумкин. 2014 йилда Apple қачонлардир техника учун энг йирик сапфир шиша ишлаб чиқарувчиси - Американинг GT Advanced Technologies Inc. компанияси билан ҳамкорликни тўхтатганидан кейин банкротлик ҳақида эълон қилишига тўғри келган.

Lens Technology маълумотларига кўра, компания даромадининг 70 фоизи Apple ва Samsung Electronics буюртмаларига тўғри келган.

Дунёнинг 20,27 фоиз смартфонлари ва 23,37 фоиз планшет компьютерларида Lens Technology шишалари қўлланилади.

Қизиқ маълумотлар:

  • Цюньфэй ўз ходимларига маош бериш учун икки марта уйини сотган;
  • Фабрикада ишлаш давомида ойига 150 доллардан кам иш ҳақи олган;
  • У 12-уринишдангина муваффақиятли бизнес қуришнинг уддасидан чиққан: Lens Technology'га қадар унинг 11 стартапи муваффақиятсиз чиққан;
  • Чжоу ўзининг камдан-кам интервьюларидан бирида шон-шуҳратдан, журналистларнинг унинг молиявий ҳолатини ҳисоб-китоб қилишидан ноқулайлик ҳис қилишини айтган;
  • Чжоу Lens Technology'ни яратишга ва унинг ўзига хос жиҳатларини шакллантиришда ёрдам берган рақибларига миннатдорчилик билдирган.
  • У ўз муваффақияти билан миллионлаб хитойлик ишбилармон аёлларга илҳом бағишлайди. У нафақат ўз холдингидаги фаолияти, балки мамлакатнинг етакчи бизнес-ассоциацияларидаги раҳбарлик вазифаларини уддалайди.

Чжоу икки марта турмуш қурган. Ҳозирда Lens Technology директорлар кенгаши раиси ўринбосари Чжэн Дзюнлун билан яшайди. Биринчи турмуш ўртоғи Чжоу фаолият юритган компаниялардан бирининг раҳбари бўлган.