Мисрнинг янги маъмурий пойтахти келгуси йилнинг охирига бориб ҳукумат муассасаларини қабул қилишга тайёр бўлади. Қоҳирадан шарққа томон 45 километр масофада Янги Қоҳира лойиҳасининг қурилиши кетмоқда. Бу ҳақида якшанба куни "Ал-Аҳрам" газетаси хабар берди

"2018 йил охирига бориб вазирликлар, ҳукумат муассасалари ва президент канцелярияси у ерга кўчиши мумкин бўлади", - деди бош вазир Шариф Исмоил. Бош вазир шу тариқа тирбандлик ва 20 миллионли аҳоли зичлигидан "жабрланаётган" шаҳарни имкон қадар бўшатишга умид қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, яқин орада кенг кўламли лойиҳа доирасида сармоячилар учун бир неча турар-жой ва маъмурий қурилиш участкаларини ажратиш режалаштирилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, Мисрнинг янги маъмурий пойтахтига доир режа ҳақида 2015 йилнинг мартида эълон қилинган.

Сувайш каналигача чўзилган ва дунёнинг энг машҳур бизнес-марказлари билан беллаша оладиган Янги Қоҳира лойиҳаси 45 миллиард долларга баҳоланади. У 700 квадрат километрли майдонда жойлашади. Ҳозирги пойтахт маъмурий пойтахт билан темир йўл тармоғи орқали боғланади, шунингдек ҳаво порти ва Яқин Шарқдаги энг йирик кўнгилочар парк ҳам ишга туширилади. Бундан ташқари, у ерда 40 минг номерли осмонўпар меҳмонхоналар ва 25 даҳа барпо этилади. 

Бундай катта лойиҳанинг амалга ошиши пойтахтдан 5 миллион кишини кўчириш имконини беради, ҳукумат муассасалари, парламент ва президент қароргоҳи, шунингдек дипломатик ҳудудларга кўчиб келувчи амалдорлар ҳам шулар жумласидандир. У ерда ҳозирнинг ўзиданоқ кўчмас мулкни харид қилиш мумкин, 2018 йилнинг ўрталаридан бошлаб Янги Қоҳирага кўчишни бошлаш кутилмоқда.