Бугун Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасида Самарқанд вилоят адлия бошқармаси, Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси ва палатанинг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳияти» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
 

Адвокатлар палатаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Отабек Ахтамов тадбирни кириш сўзи билан очар экан, жумладан, шундай деди:

— Республикамиздаги ҳуқуқий ислоҳотларнинг асосий мақсади — суднинг алоҳида мустақил ҳокимият тармоғи сифатидаги мавқеини қайта тиклаш ва мустаҳкамлаш ғояси бўлиб келмоқда. Суд ҳокимиятининг янги тармоқлари яратилди. Унинг ваколатлари кенгайтирилиб борилмоқда. Фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини суд орқали ҳимоя қилишни кафолатлашнинг ҳуқуқий меъёрлари шакллантирилмоқда.

Бу борада биз, адвокатларнинг асосий вазифамиз — ана шу меъёрларнинг судлов амалиётига изчил кириб боришини таъминлаш, уларнинг одамлар онгида чуқур ўрнашиб қолишига эришишдан иборат. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалаларида суд органлари қатъий позицияда турмоғи лозим. Инсонлар «суд бўлди» дейилса кимдир жазоланганини тушуниши керак эмас, аксинча суд орқали ҳимоя қилинади, деган тушунчани инсонларнинг онгига сингдиришимиз лозим, — деди палатанинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи О.Ахтамов.

«Коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш» мавзусида чиқиш қилган адвокат Шуҳрат Музаффаровнинг сўзлари кўпчиликда қизиқиш уйғотди.

 

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилоят бошқармаси катта инспектори Дўстбек Сулаймонов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 майдаги ПҚ-3016-сон «Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюро фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги Қарори мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир ниҳоясида ҳудудий бошқарма бошлиғи Отабек Атҳамов ташкилотда бажарилаётган ишлар ҳақида қисқача ахборот берар экан, KUN.UZ мухбирига шундай деди:

— Жорий йилда вилоятдаги адвокатларимиз томонидан икки ярим мингдан зиёд бепул оғзаки маслаҳатлар берилди. 1200 дан зиёд тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ва тадбиркорлар фуқарога юридик локал ҳужжатлар тайёрлаб берилган.

Юридик ёрдам кўрсатиш борасида юридик ва жисмоний шахслар билан тузилган шартномалар сони 12,5 мингдан ортди. Уларнинг 30 фоизидан ортиғида ижобий натижаларга эришилди. «Маҳалла» жамғармаси билан адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида тузилган меморандум доирасидаги ҳамжиҳатлик натижасида вилоятдаги маҳаллаларга адвокатларимиз бепул маслаҳат бериш учун бириктирилган. Улар ҳафтада икки марта бириктирилган маҳалларга чиқиб, бепул юридик маслаҳатлар бериб боришмоқда. Парламент, президент ва ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган қонун, фармон ва қарорлар, қолаверса, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши сессиясида қабул қилинган қарорларнинг моҳиятини халқимизга тушунтириб боришмоқда.

Бундан ташқари, палатанинг вилоят бўлими томонидан ҳуқуқий тарғиботни кенг кўламда йўлга қўйиш борасида амалий ишлар амалга оширилмоқда. Адлия, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш органлари — омбудсман билан, қолаверса, суд-ҳуқуқ соҳаси органлари билан ҳамкорликда бир неча бор давра суҳбатлари ва семинарлар ўтказилди. Мингдан ошиқ бу тадбирлар натижасида аҳолининг ҳуқуқий онгини ўстириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Бундай чиқишлар матбуот — телевидение, радио ва даврий нашрлар воситасида ҳам амалга оширилмоқда.

Шуҳрат Шокиржонов,

KUN.UZ мухбири. Самарқанд.