Швейцарияда тоғ ҳавоси хорижга сотила бошланди. Ушбу бизнесни йўлга қўйган Swiss Alpin Air стартапи шундай йўл билан дунёнинг энг ифлосланган шаҳарларини тоза ҳаво билан таъминламоқчи.

"Ҳар йили сайёҳлар Швейцария Альпларига гўзал манзаралардан завқ олиш ва соф тоғ ҳавосидан нафас олиш учун келадилар. Бу шунчаки бизда бор тоза ҳавонинг экспорт қилинишидир. Биз тоғ булоқларидан олинган сувни, шоколад ва пишлоқни экспорт қилмоқдамиз. Нима учун соф ҳавони экспорт қилмайлик? Бу дунёдаги энг соф ҳаводир", деб айтилди компанияда.

Альп ҳавоси стартапнинг сайти орқали 7 литрлик флаконларда аэрозол кўринишида сотилмоқда. Бундай флакон 120 марта нафас олишга етиши керак. Бир дона аэрозолни 21 доллардан ёки 6 та флаконли тўпламни чегирма билан сотиб олиш мумкин.

Ишлаб чиқарувчиларнинг ғоясига кўра, улар экспорт қилаётган ҳаво энг ифлосланган шаҳарларда яшовчиларга бир нафас бўлса ҳам тоза кислороддан баҳраманд бўлишга имкон беради. Аэрозолга, шунингдек, нафас олиш учун махсус ниқоб қўшиб берилади.

Айни вақтда стартап ўз ғоясини илгари суриш учун сармоячилар изламоқда.