Хоҳлаган бир одамни тўхтатиб, унга микрафон тутинг ва бугунги ҳаёт ҳақида фикр сўранг: 7 ёшдан 70 ёшгача аксарият юртдошларимиз «Мустақиллигимиз шарофати билан», «Яратилаётган кенг имкониятлардан фойдаланиб...» деган шаблон ибораларни дастак қилганча образга кириб, салламно айтишга киришади. Озгина бўлса-да виждони бор журналистнинг бундан энг камида кўнгли айниши турган гап. Аммо, тан олайлик, бундай ёмби мисол қуйма «учар иборалар»ни айнан ўзимиз ёзавериб, гапиравериб, кўрсатавериб, каттаю кичикнинг онгига сингдириб ташладик. Эҳтимол, айб бизда ҳам эмасдир?! Эҳтимол...

Майли, «эҳтимоллар»ни қўя турамиз. Айтмоқчи бўлганим, яхшики, анъавий ОАВнинг янги тури сифатида баҳоланаётган Интернет дунё юзини кўрди ва бугун у жамиятнинг асл кўзгусига айланиб улгурди. «Шоҳи бор Искандарлар» учун эса «дард айтарга қудуқ» мақомини олди. Шу боис, одамлар гоҳ ошкор, гоҳ яширин қиёфаларда ижтимоий тармоқларда ўз фикр-мулоҳазаларини айтиб, кўнгил бўшатиб оладиган бўлди... 

Kun.uz сайти тармоқларни кузатиб, ҳафтанинг энг кўп муҳокамага сабаб бўлган мавзулари ҳақида юртдошларимиз фикрини тўплаб, жамоатчиликка тақдим этиб бормоқда. Мақсад, одамлар фикрини ўрганиш, уларни ўйлантираётган муаммолар ҳақида хабардор қилиш.

Ўтган ҳафтада тармоқларнинг «хит» мавзуси ўқитувчи ва шифокорнинг калтакланиши бўлганди. Кейинги ўринда пахта мавзуси шабода мисол эса бошлади. 22 сентябрь куни сайтимизда «Хушхабар! Барча талаба, ўқитувчи ва тиббиёт ходимлари пахта теримидан қайтарилади» номли хабарнинг эълон қилиниши билан сокин эсиб турган «шабода», «шамол»га айланди. Тармоқ фойдаланувчилари бу кутилмаган хабарни беэътибор қолдиришмади.

Анъанага мувофиқ, сайтимиз юртдошларимиз фикрига муносабат ёки шарҳ бермай келтиради. Плюрализм мавжудлиги фикр қилиш учун сизга кенг имкон, мўл мисол беради. Демак, улар билан танишамиз (айрим фикрларда имловий хатолар борлиги боис, таҳрирланди):    

«Биз хам пахта терганмиз талабалик даврида. Ҳеч ҳам зарари йўқ, соппа-соғмиз, ўлганимиз йўқ, майиб бўлганимиз йўқ. Ўқишни ҳам ўзлаштирганмиз. Озгина меҳнат қилишса, қадрига етармиди ёшлар, қора меҳнат нималигини ҳис қилишармиди, далада яшаш қанақа бўлишини билишармиди. Жуда эркалатиб юбормаяпмизми ёшларни...» (Наргиза Ҳакимова)

***

«Оббо, нима ҳазилни тушунмайсизларми? Шунчаки ҳазиллашиб қайт деса, қайтаверадими ахир? Тилхат ёзиб ваъда бердингми бажар!!! Нима сизлар ҳокиммидингиз бугун ваъда бериб, эртага эсингиздан чиқарадиган? Ўқитувчи деган одамнинг гапи битта бўлиши керак, ҳа шундай!!!» (Бахтиёр Шералиев)

***

«Пахталарга ва давлатимизга ичим ачияпти. Унинг ҳар бир килоси пул. Энди уларни ким териб олади? Ҳали кўп ерларда биринчи терим ҳам бўлмапти. Бундан ўзимизга зиён эмасми? Бугун 23 сентябрь тугади. Душанба 25, ой охирлаб қолди. Яқин орада ёғин-сочинлар бошланади». (Шоҳистахон Ульжаева)

***

«Ҳозиргина Каттақўрғон тумани Чиғатой қишлоғида яшайдиган бир дўстимдан хушхабар олдим. Ҳар бир кг.га 500 сўмдан ҳақ тўлашгани учун қишлоқ одамлари талашиб, ғайрат билан пахта теришмоқда, деди». (Мирякуб Кобилов

***

«Пахтадан қолишга пул берганлар жанжал қилиб ётганмушми? Ўшанчунам, қулдорлик бирданига отмен бўлмаган бир пайтлар, босқичма-босқич...» (Қаҳрамон Асланов)

***

«Вот масала кўндаланг. Пахтакорларимизнинг оҳ-зорлари Тошкентга эмас, тўғри Нью-Йоркка учиб борган. Дуоларда Жаҳон банкининг корейс президентиниям эслаб қўяйлик, биродарлар». (Шукуржон Исломов)

***

«Президентимиз Фармонини бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!!! Ҳақиқатдан ҳам тушунмовчиликлар юзага келиб чиқди. Айниқса, алоҳида яшайдиган ёш фарзандлари бор талабаларга жуда қийин бўлётганди. Президентимизга ташаккурлар билдирамиз!» (Гуличеҳра Абдуллаева) 

***

«МОТдан одам келармиш. Пахта ҳақида ҳеч нарса демаслигимиз керакмиш. Пул бериб одам жўнатмаган эмишмиз. Якшанба кунлари ташаббус билан чиқарканмиз» (@xayol_hayot)

***

Термайин деб пахта,
Қоғоз қилдим сохта...
Отмен бўпти бари
Қотдим мисли тахта...

Эссиз кетган пулим,
Бермай синсин қўлим!
(Шунақалар ҳам бормиш...)

***

«Ишда ӯтирсам, қӯнғироқ бӯлди. «Андижон шаҳриданман, бугун оилавий пахтага чиқмоқчийдик. Кимга мурожаат қилсак бӯлади», деб сӯради бир одам. Ундан кейин, Пешкудан бир опахон телефон қилиб, йиғлаб, «Фермер мени далага қӯймаяпти. Ҳайдаб чиқарди. Кеча пахтадан вақтлироқ қайтганим учун. Мен фермерни ӯғлига тайинловдим. Айтинг, пахта теришга рухсат берсин», деди. Ана шунақа гаплар, дӯстлар. Теримга иштиёқмандлар ҳам йӯқ эмас...» (Муслим Мирзажонов)

***

«Бугунги ўқитувчилар мажлисидан: «Пахтага мажбурий чиқасизлар, лекин ўқитувчи эканингизни айтманглар!» (@Adhamov)

***

«Кеча кечда онам билан гаплашдим. Улар ўқитувчи. «Аяжон, пахтадан қайтаришибди. Хурсандмисиз?» десам, «Ҳа, шундай бўб қолди. Нима учунлигига тушунмадим. Тинчликмикани ўзи? Ғалати-ку, болам» дедилар. «Нега, ая, яхши-ку» десам, «Энди, болам, 40 йиллик иш фаолиятимда бунака ходиса бўлмаганди-да», деб хайратларини яширолмаяптилар. Чиндан ҳам хайрли бўлсин! Узоғи билан қувонтирсин!» (Афсона Каримова)

***

«Буларга пахта терадиганлармас, пахта термайдиганлар керак. Уларнинг орқасидан миллиардлаб пул ишланиши керак. Савдогарлардан йиғилиши керак, институт домлалари битта машинанинг пулини ишлаб қайтишлари керак, ҳокимлар, хлопзавод бор ҳали... Фермерга эса ... Керак бўлса, териб оласан шу пахтани, деб, арағини ичиб, ялло қилиб юраверади. Кечқурун номига лалми дўқларни эшитади, майлисда, териси филнинг терисиданам қалин бўпкетган давно...» (Шуҳрат Шокиржонов)

***

«Фидойинг бўлгаймиз сени» деб юрган ёшлар энди гапига жавоб берадиган бўлди... Энди пахтани нафақат авайлаб қўйишади, балки, теришади ҳам... (Мойли Бува)