АҚШ президенти Дональд Трамп твиттерда Миллий футбол лигаси (NFL) футболчиларини ватанпарварлик ҳисси етишмаслигида танқид қилгандан кейин, Миллий баскетбол уюшмасининг (NBA) машҳур ўйинчиси Леброн Жеймс томондан кескин танқид қилинди.

Аввалроқ NFL ўйинчилари АҚШ мадҳияси ижроси вақтида норозилик акцияси уюштиргандилар. Улар мадҳия янграётганда тиз чўкиб ўтириб олишган, бу эса АҚШдаги қуллик даврини эслатиши керак эди. Улар шу тариқа ҳанузгача оқ танлилар ва афроамерикаликлар ўртасида тенглик йўқлигини кўрсатмоқчи бўлишган.

23 сентябрда Трамп твиттерда Оқ уйда бундай акцияларни уюштирувчи ўйинчиларни кўришни истамаслигини айтган.

"Агар ўйинчи NFL’да ёки бошқа лигаларда миллионлаб долларлар топишни истаса, унга Буюк Америка Байроғига (ёки Давлатига) ҳурматсизлик қилишига йўл бермаслик керак ва у Миллий Мадҳиямиз шарафига ўрнидан туриши лозим. Йўқса, у БЎШАТИЛАДИ. Ўзингга бошқа машғулот топ!", деб ёзганди Трамп.

У, шунингдек, Оқ уйга "Голден Стейт" баксетбол клуби ўйинчиси, NBA чемпионлари учун АҚШ президенти ҳузурида анъанавий қабулга келиши борасида шубҳа билдирган Стефен Каррининг ташрифини бекор қилди. 

Бунга жавобан NFL раҳбари Рожер Гуделл Трампни "одам ажратишни келтириб чиқарувчи" сўзлари учун қоралади. Шунда баҳсга баскетболчи Леброн Жеймс аралашган.

У Трампни "бекорчи" ёки "аҳмоқ" деб таржима қилинувчи сўз билан ҳақоратлаган.

"Сен у ерда пайдо бўлмагунинггача, Оқ уйга бориш шараф эди!", деб айтган Жеймс Трампга.