2018 йилда футбол олами янада катта трансферлар гувоҳи бўлиши мумкин. Биргина Лионель Мессининг «Барселона» билан шартномаси тугаётгани ва ҳамон янги битим имзоламаётганини ҳисобга олсак, бўлажак ёз бизни катта трансферлар билан сийлашини кутишимиз мумкин.

Шу мақсадда Tribuna.Uz 2018 йилнинг ёзида шартномаси тугайдиган футболчилар рейтингини тузиб чиқди. Агар бу футболчилар тез орада янги шартнома имзолашмаса, қишдан бошлаб ихтиёрий равишда янги клуб билан музокара ўтказиши ва жамоани тарк этиши мумкин бўлади. ФИФА қоидаларига кўра, шартномаси тугашига 6 ой қолган футболчиларга шундай имтиёзлар берилади. Қуйида ушбу рамзий терма жамоа билан танишиб олишингиз мумкин.

1. Икер Касильяс (35 ёш), дарвозабон, «Порту»

«Реал»да юлдузли онларини ўтказган дарвозабон ўша вақтларда мадридликлар бош мураббийи бўлиб турган Жозе Моуриньога керак бўлмай қолган ва тезда ўзига янги жамоа топганди — «Порту». Бугунги кунга келиб, энди у Португалияни ҳам тарк этиш арафасида турибди.

Буффоннинг ҳам шартномаси келгуси йилда тугайди. Аммо унинг футболни тарк этиши кутилаётганини ҳисобга олсак, ёзда эркин агентга айланадиган энг юлдуз дарвозабон деб бемалол Икерни кўрсатишимиз мумкин.

2. Дейли Блинд (27 ёш), ҳимоячи, «Манчестер Юнайтед»

Рўйхатдан ўрин олган энг ёш футболчи. Моуриньо ўзи қурган жамоада ўзи олиб келган футболчиларни ўйнатишни яхши кўради. Балки шу сабабдан нидерландиялик футболчи билан шартнома узайтирилмаётгандир. Лекин Блинд бошқа жамоага ўтса, кўплаб жамоаларни кучайтира олиши мумкин.

3. Жоао Миранда (33 ёш), ҳимоячи, «Интер»

Бразилия терма жамоасида сардор сифатида тўп суришда давом этаётган Миранда «Интер» билан деярли ҳеч нарсага эриша олмади. Келгуси йили 34 ёшда бўладиган футболчи балки мўмай пул ишлаб олиш учун Осиё ёки МЛСга йўл олар?

4. Жоржо Кьеллини (33 ёш), ҳимоячи, «Ювентус»

Ёзда Леонардо Бонуччини сотиб юборган «Ювентус» афсонавий ҳимоя учлигида биринчи узилишга сабаб бўлганди. Кўринишидан бу билан чекланиб қолинмайди...

5. Хуанфран (32 ёш), ҳимоячи, «Атлетико» Мадрид

Ўнг қанотга бўлажак юлдуз бўлиши кутилаётган Шиме Врсалькони сотиб олган «Атлетико» бу чизиқнинг узоқ йиллик етакчиси Хуанфрандан воз кечиши мумкин. Аммо ҳозирча Врсалько ўзидан кутилган ишончни тўлиқ оқламоқда деб бўлмайди.

6. Хуан Мата (29 ёш), яримҳимоячи, «Манчестер Юнайтед»

Ўз вақтида «Челси»да Моуриньога керак бўлмай қолган Хуан Мата «МЮ»да қайсидир маънода бу ишончни қайтариб олгандек кўринганди. Аммо бир йилдан сўнг вазият қандай кўриниш олади, номаълум. Ҳозирча Моуриньо жим.

7. Андер Эррера (28 ёш), яримҳимоячи, «Манчестер Юнайтед»

Агар Моуриньо ўз футболчиларини олиб келишни яхши кўради, десак уларнинг орасида эски жамоадан қолган футболчилар ичида ҳам онда-сонда «кузир» топилади. Эррерани худди шундай футболчилар сирасига киритиш мумкин. Баск футболчиси Маур келгач, янги қирраларини намойиш эта олди. Аммо ҳозирча у ҳам клуб билан янги шартнома имзоламади.

8. Андрес Иньеста (33 ёш), яримҳимоячи, «Барселона»

«Барселона»ниг узоқ йиллик етакчиси сўнгги вақтларда клуб ички тизимида кузатилган инқироздан сўнг жамоани тарк этиши ҳақида гап-сўзлар тарқалди. «Барселона» барчасини унинг ихтиёрига қолдирган. Клуб афсонаси қолиш ёки кетиш масаласини ўзи ҳал қилиши керак.

9. Месут Ўзил (28 ёш), яримҳимоячи, «Арсенал»

«Арсенал» собиқ юлдузларидан кескин танқид қилинаётган германиялик футболчи, бу гапларни ўйини билан инкор қилиш ўрнига матбуот орқали жавоб беришга уринмоқда. Ким ҳақ деган саволга эса Ўзил иштирокидаги ўйинларни кузатиб ҳам билиб олиш қийин эмас. Афтидан ёзда «Арсенал» энг қимматбаҳо футболчиларидан бири билан текинга хайрлашади.

10. Лионель Месси (30 ёш), ҳужумчи, «Барселона»

Месси «Барселона»да қолади, деган фикрни ҳар бир «Барса» ишчиси айтаётган бўлсада, Месси ҳамон янги шартномага қўл қўймаяпти. Аслида августдаёқ имзоланиши керак бўлган шартнома нега ҳали ҳам амалга ошмаганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ерда бизга маълум бўлмаган аниқ сабаб бор. Хуллас ёз ҳозирча «қайноқ» келишини ваъда қилмоқда.

11. Алексис Санчес (28 ёш), ҳужумчи «Арсенал»

Трансфер ойнасининг сўнгги кунига қадар Гвардиола қўли остида ўйнашни истаган Алексисни «Арсенал» қўйиб юбормади. Аммо бу билан жамоа фақат ютқазиши мумкин. Январдаёқ футболчи «Сити»га кетиши кутилмоқда. Аммо энди унинг нархи кутилганидан уч баравар арзон бўлади. «Арсенал» уч ойда ютгани шу бўлади. Трансфер ёзга қолса-ку Санчес бўлажак жамоасига текинга тушиши аниқ.

Азамат Муродов тайёрлади