2016 йил апрел-июнь мавсумига қадар Хитойнинг энг йирик уяли алоқа воситаларини ишлаб чиқарувчи компанияси сифатида танилган Xiaomi​ қисқа фурсатда бозордаги улушини йўқота бошлади. Бундан бир йил олдин, компания рейтинги Хитой бўйича тўртинчи поғонага тушиб кетганди. Бунга нима сабаб бўлган?

Арзон нархланувчи смартфонлар

Аввало, арзон баҳо смартфонларни дўкон расталарига кўпроқ жойлаштириш ва харидорларга таклиф этиш сотувчиларга катта фойда келтирмай қўйди. IDC компаниясининг тадқиқотлар маркази ходими Жин Дининг сўзларига кўра, маҳаллий сотувчилар учун Huawei, Oppo ва Vivo маҳсулотларини кўпроқ сотиш яхши даромад келтиради.

"Xiaomi​ телефонларини даромади табиий кам бўлган аҳоли вакиллари сотиб олади, кўриниб турибдики, бу ишчилар ёки талабалар бўлиши мумкин. Улар истеъмол бозоридаги энг садоқати паст бўлган мижозлар ҳисобланади. Агар уларнинг даромади кўпайса, ҳеч иккиланмай Apple ёки Samsung брендини танлайди. Шунингдек, улар таклиф этилаётган янги русумдаги смартфонларни харид қилмайди, айтмоқчиманки, фойдаланишдаги телефондан воз кечиб янгисини харид қилмайди", дейди Чунг Конг бизнес мактаби профессори Жек Чен Хинлей.

Маркетинг стратегияси мавжуд эмас

Oppo ва Vivo Хитой бозоридаги савдо айланмасини ошириш учун турли маркетинг стратегиялардан фойдаланди. Масалан, оффлайн-маркетинг, метро ва автобус бекатларидаги билбордлар шулар сирасидан.

Bloomberg нашрининг ёзишича, юқорида номи тилга олинган иккала компания ҳам маҳсулотларининг кучли томонларига урғу бериб, реклама сиёсатини тўғри олиб борди. Шу вақтда Xiaomi​ рекламага пул сарфламай, бозорни эгаллаб бораётгани, онлайн харидлар айланмасида етакчи эканлиги билан мағрурланарди.

Quartz мутахассисининг фикрига кўра, Xiaomi​ раҳбарияти ижтимоий тармоқлардаги фойдаланувчилар орасидан компаниянинг бўлажак мижозларини қидирди. Шунга қарамай, вақт ўтиши билан компания маркетинг тадбирларига эътибор қаратишга мажбур бўлди. Бу давр талаби эди.
Онлайн-савдо

Xiaomi​'нинг онлайн-савдо платформасига катта куч сарфлаши, кичик шаҳарчаларда унинг савдо улушини тушириб юборди. Негаки, Huawei, Oppo ва Vivo вакиллари маҳаллий электротехника савдоси билан шуғулланувчи ритейлерлар кўмагига таянган бўлса, Xiaomi​ бу тўсиқдан ошиб ўта олмади.

2015 йил Хитой бозорида сотилган умумий уяли алоқа воситаларининг 74 фоизи чакана савдо кўринишида харид қилинган. Шу даврда Xiaomi​ харидларининг 60 фоизи онлайн платформада амалга оширилган.

Эко-тизим

Xiaomi​ бош директори Лей Юннинг 21st Century Business Herald нашрига маълум қилишича, компания сўнгги беш йил давомида ўзининг эко-тизими устида иш олиб борди ва у, деярли, тайёр. Бу билан «ақлли» уйларда мавжуд мосламаларни биргина Xiaomi​ смартфони орқали бошқариш назарда тутилмоқда.

Forbes'нинг ёзишича, бундай тизимни яратиш бағоят катта муваффақият гарови саналсада, уни тўлақонли ишга тушириш учун компания камида 300 миллион дона смартфон воситаларини сотиши талаб этилади. Муаммо шундаки, Xiaomi​ уяли алоқа воситалари бозорида мустаҳкам ўринга эга бўлмай туриб, бошқа йўналишларда изланишларни молиялаштирмоқда.