Қатор мамлакатларда iPhone 8 ва iPhone 8 Plus смартфонларининг сотувлари бошланди. Янги қурилманинг аввалгиларига нисбатан энг катта фарқи - унинг шиша корпусида.

Apple 2011 йилдан буён шиша корпусда айфон ишлаб чиқармаган эди. iPhone 5'нинг алюминий корпуси ўзини мустаҳкам ва узоқ муддатга чидамли эканини намойиш қилди, лекин симсиз заряд тизимига халақит берди. iPhone 8 сотувларига старт берилиши билан бутун дунё тестерлари  ва видеоблогерлари янги телефонни синашга киришишди. Роликларда iPhone 8'ни баъзан Samsung Galaxy S8 ёки Note 8 билан таққослашади - уларнинг ҳам корпуси шиша бўлиши билан бирга Корея смартфонлари Apple'нинг энг асосий рақиби ҳисобланади.

 

Бетонга "қулаш" тестлари

JerryRigEverything видеоблоги муаллифи икки iPhone 8 қурилмасининг бетонга "қулаш" эффектини таққослаган: смартфонлардан бири ҳимоясиз, иккинчиси эса пластик кейсда. Илк икки синовда смартфонларга деярли зиён етмади, учинчи синовда ҳимоясиз iPhone 8'нинг экрани дарз кетди, тўртинчи мартасида эса, орқа қопқоқ дарз кетди. Шундай бўлса-да, смартфон ишлашда давом этди. Кейсдаги смартфон барча синовлардан муваффақиятли ўтди, ҳатто қўлларни бош узра кўтариб, пастга қараб  отилганида ҳам. 

PhoneBuff блогерлари Note 8 ва iPhone 8 Plus'ни дроп-тестларга мўлжалланган махсус ускуналар ёрдамида синовдан ўтказишди. Смартфонлар олд, орқа ва ён томон билан ирғитилиб, махсус ускунада синалди. Сўнгги тест нисбатан камроқ зиён даражасини кўрсатди: икки моделда ҳам смартфон бурчаклари зарбаларга чидамли бўлиб чиқди, уларга енгилгина зиён етди.

Қаттиқ тошнинг устига "қулаш" синовида икки томон натижалари ҳам ижобий эмас. Экранлар орқа қопқоққа нисбатан анча чидамли бўлиб чиқди - iPhone 8 Plus 10 марта қулаш синовига бардош бера олмади ва унинг мультитачи тўғри ишламай қолди. Note 8'нинг орқа қопқоғи нисбатан чидамли бўлиб чиқди. Бироқ икки смартфоннинг орқа қопқоғи ҳам биринчи зарбадаёқ дарз кетди.

PhoneBuff'дан яна бир видео - бу сафар блогерлар iPhone 8 ва Galaxy S8 смартфонларини таққослашди. Корея смартфони қопқоқ билан "қулаш" синовларини iPhone 8'га нисбатан "оғирроқ кечирди": S8'нинг шишаси енгил дарз кетди, iPhone'да эса - йўқ. Ролик муаллифлари учун кутилмаганда, телефонларни олд томондан "қулатиш" ҳам худди шундай натижа берди. Бироқ охир-оқибат, кетма-кет учинчи қулашда iPhone 8'нинг ўнг томон экрани дарз кетди. 

EverythingApplePro лойиҳаси янги айфонларни ўтган авлод билан таққослади. iPhone 8 Plus ва iPhone 7 Plus'ни ўртача баландликдан орқа қопқоқ билан ерга туширилганда - янги смартфон синовдан "жароҳатларсиз" ўтди. Бироқ смартфонлар бўй баробар баландликдан ташланганда iPhone 8 Plus'нинг орқа панели дарз кетди. Қурилманинг орқа қопқоғи такрорий синовни "кўтара олмади": ундан кичик бир бўлак ажралиб кетди.

"Жароҳатлар"

iPhone 7 ва iPhone 8 смартфонларини махсус тўпламли ускуналар ёрдамида синалганда, EverythingApplePro янги авлод смартфонлари аввалгисига нисбатан жароҳатларга чидамли экани маълум бўлди.

JerryRigEverything блогери iPhone 8'нинг нафақат шишасига, балки унинг сапфир билан қопланган камерасига ҳам зиён етказди. Блогер шиша тузилмаси микроскоп остида кўрилганда, унинг тоза сапфир эмас, сапфирнинг у қадар мустаҳкам бўлмаган модда билан қотишмасидан ишлангани аниқлади. Бундан ташқари, алюминий қоплама ва барча тугмалар "жароҳатлар"га мойил бўлиб чиқди, шиша экран ва ҳошия ўртасида эса ингичка пластик чизиқ ўтган: ҳойнаҳой айнан шу қисми бир вақтнинг ўзида ҳам герметик, ҳам ҳимоя вазифасини ўтайди.

Букланувчанлик синовлари

Букланувчи айфонлар муаммоси 2014 йилдаёқ пайдо бўлганди. Ўшанда алюминийдан ишланган iPhone 6 чиққанди ва фойдаланувчилар унинг нақ чўнтакнинг ўзида букланиб қолиши мумкинлигидан шикоят қилишганди. Тест натижалари ҳатто икки авлоддан кейин ҳам муаммо сақланиб қолганини кўрсатмоқда - бироқ iPhone 8'да эмас.

JerryRigEverything видеода iPhone 8'ни қўлида буклашга ҳаракат қилади, бироқ бунинг уддасидан чиқмайди. Блогернинг сўзларига кўра, шиша корпус аввалги авлод смартфонидан фарқли ўлароқ, мутлақо букланмайди ва синовдан муваффақиятли ўтди. iPhone 7 эса синовга дош бера олмади. 

EverythingApplePro худди шундай тест ўтказди, бироқ катта куч билан. iPhone 7 овозни созлаш тугмаси жойлашган жойидан иккига ажралиб кетди, аммо iPhone 8 синовдан деярли муваффақиятли ўтди. Видеоблог бошловчиси уни қанчалик куч билан буклашга уринмасин, шиша синмади - фақат бир муддатга экран ҳошиядан чиқиб кетди ва яна жойига тушди.

"Чўктириш" синовлари

Блогер Жонатан Моррисон iPhone 8 ва Galaxy S8'ни бир соатга муздек сувли фавворага юклади - жамоа смартфонлардан кўра кўпроқ шубҳали эркакни кузатишига тўғри келди. Сувдан ҳимояловчи техник хусусиятлар таърифига кўра, Galaxy S8 рақибига нисбатан яхшироқ натижа кўрсатиши керак эди.

Шундай бўлса-да, икки смартфон ҳам омон қолди - фавворадан қайтарилган смартфонлар ўз функцияларини тўлиқ сақлаб қолганди.

Бундан ташқари, TechRax'нинг шўр сувда олиб борган синовлари ҳам смартфонларда ҳеч қандай муаммолар йўқлигини кўрсатди.


 

iFixit'дан хулоса

iPhone 8 қурилмаси машҳур iFixit сервиси мутахассислари томонидан ўрганилганда, янги смартфоннинг шиша қопқоғини таъмирлаш учун қурилмани тўлиқ бузишга тўғри келиши аниқланди. Муаммо шундаки, iPhone 8 "туби"даги компонентлар шу қадар зич ва мураккаб жойланганки, ҳамма таъмирчилар ҳам уни қайта йиғишнинг уддасидан чиқа олишмайди. iFixit iPhone 8'ни таъмирга мойиллик бўйича атиги 6 баллга баҳолади - бу iPhone 7/ 7 Plus, iPhone 6s/6s Plus ва iPhone 6/6 Plus'дан пастроқ - уларнинг барида 7 баллдан.